Шайхонтоҳур туманига пресс-тур
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги “Сарҳумдон”, “Кўкча”, “Эски Жарариқ” МФЙларда вазирлик томонидан “маҳаллабай” тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Шайхонтоҳур туманидаги 14 та маҳаллада аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, аҳолини қийнаётган иқтисодий ва маиший муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг ечими бўйича самарали чоралар кўриш, маҳаллаларда янги иш ўринларини кўпайтириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича “маҳаллабай” ишларни амалга ошириш юзасидан маълум бир чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, “Сарҳумдон” маҳалласида жойлашган Гулобод кўчасининг 36-37 уйлар оралиғидаги қаровсиз ҳудуд ўрнида вазирлик томонидан болалар майдончаси қурилди. Майдонча атрофида 800 м.кв ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, замонавий йўлаклар, яшил зона қурилиб, бетон ётқизиш ишлари олиб борилди.
Пресс-тур давомида болалар майдончасида ўйнаётган болаларнинг беғубор кулгиларига, маҳалла аҳолисининг бу ишлардан миннатдор эканлигига гувоҳ бўлдик.
Кейинги манзил тумандаги “Кўкча” МФЙ бўлди. Бу маҳаллада Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилиб, тикувчилик йўналишида “ZUBAYR OMAD” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилди ва маҳалладаги 10 нафар ишсиз хотин-қиз ишга жойлаштирилиб, улар томонидан аёллар ва болалар кийимлари тикилмоқда.
Бундан ташқари, “Кўкча” маҳалласида касб-ҳунарга ўқитиш маскани ташкил этилган бўлиб, компьютер операторлиги ва қандолатчилик йўналишлари бўйича маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтарига” киритилган аҳоли вакилларидан 15 нафари ўқишга жалб этилди.
– Компьютер саводхонлиги бугунги куннинг энг муҳим талабларидан биридир. Шунинг учун ҳам маҳалламиз ҳудудида жойлашган “Компьютер операторлиги” машғулотига ёзилдим ва икки ҳафтадан буён ўрганиб келмоқдаман. Келажакда компьютерда ишлашни, турли программалар яратишни мукаммал ўрганиб, шу йўналиш бўйича ишга жойлашмоқчиман,– дейди ўқув-машғулот қатнашчиси Азиза Юнусова.
Шунингдек, “Кўкча” маҳалласида ижтимоий ҳимояга муҳтож, оиласида ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган 2 та хонадонга енгил конструкцияли иссиқхона қуриб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тумандаги 12 та МФЙда аниқланган 613 нафар ишсиз фуқаронинг 576 нафари(93, 9 фоизи) бандлиги таъминланган.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 6 нафар фуқарога субсидиялар ажратилиши ҳисобига 92 нафари ишга жойлаштирилди, 43 нафари жамоат ишларига, 90 нафари касб-ҳунарга ўқитишга, 86 нафари корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига жалб қилинди ва 265 нафарининг ўзини-ўзи банд қилиш гувоҳномасини расмийлаштириш орқали бандлиги таъминланди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА