Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб масжид
Президентимиз Чилонзор тумани “Сўгалли ота” ва “Гўзал” кўчалари кесишмасида барпо этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Президентимиз Чилонзор тумани “Сўгалли ота” ва “Гўзал” кўчалари кесишмасида барпо этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили февраль ойида бу ерда бўлиб, мазкур мажмуа лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш бўйича топшириқлар берган эди.
Мажмуанинг қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 25 дан ортиқ техника ҳамда 170 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчилар жалб қилинди. Мажмуадан 2 минг кишига мўлжалланган масжид, анжуманлар зали, кутубхона, мақбара, таҳорат хона, музей ва бошқа ёрдамчи хоналар жой олган.
Мажмуада шунингдек, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилган. Бу ерда турли манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилган. Фаввора қурилиб, замонавий ўриндиқлар ўрнатилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида таваллуд топди. У киши 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади.
У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган.
Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган. У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд бўлган. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотлар, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши Миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган.
Бу улуғ аллома турли диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Шайх ҳазратларининг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқиши, кўплаб китоблари, жумладан, аудиокитоблари орқали юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.
– Ҳамма масжидлар мана шундай бўлиши керак. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб масжид бўлибди. Мўмин-мусулмонлар бутун вужуди билан масжидга келади, шунга яраша шароитлар бўлса. Ҳар бир қилаётган мана шундай ишларимиз, эртага ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилсин. Бу ерга келган одам маънавий бой бўлиб кетсин. Шайх ҳазратлари халқпарвар инсон эди. Оддий одамларни яхши кўрарди. Бу киши барча имом-хатибларнинг устози бўлган. Китобларини ўқисак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.
Халқимизга хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди.