Шайх Аҳмад Таййибнинг орзуси ушалди
Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор.
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқандда ўтаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этаётган Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб Имом Мотуридий, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.
Шайх Аҳмад Тоййиб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ушбу йўналишда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.
- Улуғ алломалар юрти ҳисобланмиш Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган масканда бунёд этилган илмий марказ халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Кейинги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, илмий-маърифий йўналишдаги келишувларимиз ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, томонлар бу ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилмоқда, – деди Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари.
Шайх Аҳмад Таййибнинг фахрий меҳмонлар китобига ёзган қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик:
“Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, мен ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилиш ва унинг номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази билан яқиндан танишишга муяссар бўлдим.
Мен Ўзбекистонга ушбу улуғ зотнинг илмий мероси, шахсиятини ўрганишга, шунингдек, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бўлган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор.
Умид қиламанки, илмий меросга юксак эҳтиром ҳамда ушбу меросни ўрганиш, унинг нуфуз ва салобатини, араб ва ислом оламига таъсир кўрсатадиган адашган фалсафаларга қарши турадиган равнақини қайта тиклаш йўлида бор имкониятларни сафарбар этишда Ўзбекистон бошқа мусулмон давлатларига намуна бўлади”.