Эҳтимол, мақола сарлавҳасиданоқ қандай фикр-мулоҳазаларни айтмоқчи бўлганим аёндир. Лекин Янги Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ ушбу мавзу бўйича ҳали мамлакатимизда бирон-бир илмий изланиш олиб борилмаган. Демак, масалага ёндашувимда ҳам кўпроқ публицистик руҳ устун бўлса, маъзур тутгайсиз.
У ёки бу буюк шахсни вужудга келтирган ҳар бир тарихий даврнинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бўлади. Шу боис шахснинг тарихдаги роли каби ўта жиддий масалани тизимли ёндашув ёхуд тизимли таҳлилсиз тадқиқ этиш, менимча, илмийликдан йироқ ва анча жўн хулосаларга етаклайди.
Масаланинг моҳияти
Шу ўринда айтиш жоизки, эҳтимол, ривожланган демократик давлатларда коллектив бошқарувга асосланган ҳокимиятлар бўлиниши, ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни таъминлаш тизими барқарорлик ҳамда хавфсизлик гаровига айлангани баробарида аллақачон ўзининг авж нуқтасига етгандир. Бошқа бир томондан, айнан жамоавий бошқарув фонида сиёсий раҳбарнинг етакчилик роли, ҳақиқатан ҳам, заифроқ намоён бўлади.
Сўнгги пайтларда бундай вазият Ғарбда нафақат кўриб чиқилаётган мавзуга, балки умуман фалсафа фанига, жумладан, тарих назариясига ҳам қизиқиш пасайишига олиб келмоқда. Бу эса, вақт ўтиб, жамоавий бошқарувнинг баъзан жамият тақдирига жамоавий масъулиятсизликдек ўта жиддий яна бир муаммосини юзага келтириши мумкин.
Бироқ ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг бироз ўзгача манзараси мавжуд дунёнинг бошқа ҳудудларида шахснинг ролига қизиқиш анча юқорилигича қолмоқда. Хусусан, ривожланаётган мамлакатлар қаторига кирувчи Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам сиёсий етакчининг роли инкор этиб бўлмайдиган ҳамда ҳал қилувчи омил бўлиб, модель танлаш ва ислоҳотлар суръатига ўз таъсирини ўтказаётир.
Классик фалсафа қонунлари ҳам, замонавий сиёсатшунослик фани ҳам буюк шахсларнинг тарихда тутган беқиёс ролини инкор этмайди. Aйниқса, Осиё мамлакатларида биринчи раҳбар, унинг шахсий мавқеи ва малакаси, шак-шубҳасиз, у етакчилик қилаётган давлатнинг муваффақияти ёки камчилигини белгилаб беради.
Очиғи, ўзбекларга ҳам хос бўлган шарқона менталитетни ҳисобга олсак, давлатнинг биринчи шахслари ҳақида фикр юритганда ёки ёзганда, меъёрни сақлаш жуда қийин. Мен халқимизнинг маънавий-ахлоқий кодексига «андиша» тушунчаси билан кирган миллий ўзлигимизга хос назокат, хушмуомалалик, эҳтиёткорликни назарда тутяпман. Назаримда, бу миллий характеримизни бугунги глобал ва ўзгарувчан дунёга мослаштириш вақти келди. Айниқса, нарсаларни ўз номи билан аташ талаб этиладиган катта сиёсий ва тарихий аҳамиятга эга масалалар муҳокама қилинаётганда зеҳниятимизда мудом яшаб келаётган «тайсаллаш»ни енгиб ўтишимиз зарур бўлади.
Жумладан, мамлакат ичида ҳатто шахснинг тарихда тутган ўрни каби масалани муҳокама қилаётганда ҳам ҳануз эскирган ёндашувлар («андиша») пайдо бўлмоқда. Бу эса тарихимиздаги қандайдир муҳим воқеанинг ёки таниқли сиёсий етакчиларнинг ролини холисона баҳолашни ошкора бузиб талқин қилишдан, ундан ҳам ёмони, оддий хушомадгўйликдан ажратишга имкон бермайди.
Умуман олганда, аксар постсовет жамиятлари каби бизда ҳам тарих фани узоқ йиллар «қирмизи мафкурачилар» ва уларнинг маҳаллий гумашталари диктати билан «йўлга» солиб келинди. Қўлдан ясалган «хонаки тарих»нинг мавжуд факт ўлароқ, фанга, жамиятга миллат ва миллий давлатчилик нуфузи ҳамда шаънига етказган маънавий зарарини бугун биз кўриб турибмиз. Эҳтимол, шунинг учундир, бугун жамиятда «ҳақиқий ва чин тарихимиз»ни халққа кўрсатиш кераклиги ҳақидаги хитоблар баландроқ янграй бошлади. Айни «чақириқ» бугунги ўтаётган кунларимизни ҳам бевосита ифодалай олади. Зотан, биз Ўзбекистоннинг янги тарихи яратилаётган чорраҳада турибмиз.
Тўғри, мен авваллари ҳам Президент Шавкат Мирзиёев фаолияти ҳақида ёзганман. Бироқ бу гал унинг қисқа вақтда мамлакатимиз ва минтақада кечаётган барча жараёнларга фавқулодда таъсир кўрсата олгани ҳамда Марказий Осиё, қолаверса, глобал геосиёсатдаги ролининг муҳим тарихий аҳамияти ҳақида гапирмоқчиман.
Тарихий-фалсафий нуқтаи назардан шахснинг роли
Шахснинг тарихдаги ролини тусмоллаш кенг фанлараро тадқиқга оид иш. Негаки бу мавзу бир вақтнинг ўзида тарих, фалсафа, социология, сиёсатшунослик, маданиятшунослик ва бошқа фанлар доирасида кўриб чиқилади.
Ўтмиш ёки ҳозирги тарихий бурилишларни ўрганиш, шунингдек, бу жараёнларда қудратли шахсларнинг ролини ҳисобга олсак, кўпчилик «агар шундай бўлса-чи...» дея фикрлашни ёқтиради. Баҳслашмайман, айни мушоҳада тарзи ўта қизиқарли жараён. «Шахснинг тарихдаги роли» қадимдан кўпчиликни, жумладан, катта ижтимоий-сиёсий таълимотларга асос солган буюк зотларни ҳам қизиқтирган, хаёлларини «ўғирлаган». Шу ҳавасмандлик «меваси» улар ҳатто бир қатор таълимотларни ишлаб чиққанлар, турли тарихий жараёнларда қонунийлик ва тасодифийлик каби фалсафий категориялар ўртасидаги муносабатлар ҳақида баҳслашганлар. Бу яна айнан шахснинг роли масаласи билан боғлиқ.
Чунончи, XVII асрда яшаб ўтган буюк француз олими ва файласуфи Блез Паскаль ўзининг «Фикрлар» (Blaise Pascal, «Pensées», 1670) номли асарида «Клеопатранинг бурни» ҳақидаги тарихий парадоксни келтиради: «Клеопатранинг бурни бироз қисқароқ бўлганида эди, ер юзи бошқача бўларди».
Мажозий маънода айтганда, агар Миср маликасининг бурни айтайлик, сал қийшиқроқ бўлганида, Рим саркардаси Антоний унга қизиқмаган, алалоқибат, Октавианга қарши жангда ютқазмаган бўларди. Яъни, агар Клеопатра каби нуфузли шахс бўлмаганида, Марк Антоний ва Юлий Цезарь бошқа сиёсий қарорлар қабул қилишлари ва шунда Рим империясидаги буюк фуқаролар уруши бошқача якунланиши ёки умуман бошланмаслиги мумкин эди. Энг муҳими, Рим тарихи бутунлай ўзга ўзанда ривожланиши мумкин эди.
Бу тарихий сюжет ўта истеҳзоли бўлиши билан бирга, шахснинг мозийдаги ўрни борасидаги қарашларга арзирли мисол бўла олади. Ўйлайманки, кўҳна ўтмиш ғаладони титкиланса, айни мавзуда бундан бошқа ҳам кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Гарчи айни паллада баъзиларнинг иқи суймаса-да, мулоҳазаларимни илмий бир объект сифатида Россия тарихидан мисол билан изоҳламоқчиман. Пётр I ўз мамлакати тараққиётида улкан бурилиш ясаганига, уни феодал давлатдан қудратли империяга айлантирганига урғу берадилар. Пётр I илғор ғоялар билан йўғрилган ислоҳотларни амалга оширди ва мамлакат ривожига тўсиқ бўлаётган эски анъаналарни бузди. Бу эса Россия учун мисли кўрилмаган даражада юксалиш имконини берди ҳамда ўша пайтдаги Ғарбий Европанинг илғор давлатларидан қолоқликни сезиларли даражада камайтирди. Aгар Пётрнинг ўрнида ғайрати сустроқ бир ҳукмдор бўлганида, шубҳасиз, Россиядаги ислоҳотлар даври узоқ вақтга қолдирилиши ва бугун буткул ўзгача қиёфадаги Россияни кўриб турган бўлардик.
Ва яна бир мисол: Туркия тарихида турк давлатчилиги ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётган паллада тарих майдонига чиққан Мустафо Камол Отатуркнинг беқиёс ўрнини бугун ҳеч ким ҳам инкор эта олмайди. 1919 йилнинг май ойида мамлакатни босиб олган босқинчи қўшинларга қарши сафарбарлик эълон қилган Мустафо Камол турк халқининг мустақиллик ҳаракатига бошчилик қилди. Кейин замонавий турк давлати асосчиси сифатида Усмонли империяси харобалари узра янги республика яратди. Шунингдек, турк жамиятининг бир неча ўн йилликлар давомида тараққиёт сари жадал ҳаракатланишини таъминлаган йирик ислоҳотларни бошлаб берди.
Кўриб турганингиздек, бундай тарихий воқеаларни тушуниш, муқаррар равишда, маълум бир шахс тарих йўналишини қанчалик ўзгартира олгани ҳақидаги мунозараларга сабаб бўлади. Жумладан, немис мутафаккири Гегель (1770-1831)нинг фикрича, «жаҳоншумул тарихий шахслар аъмоли умумбашарий руҳнинг маҳрами бўлишдир». У инсон ўзича тарихий воқеликни ярата олмайди, деб ҳисоблайди ва шу боис буюк шахснинг иши одамларга дунё тараққиёти учун зарур бўладиган навбатдаги қадамни тушуниш ва очиб беришдир, дейди. Инглиз файласуфи Томас Карлейл эса, аксинча, шахснинг тарихдаги ролини мутлақлаштирган. У ўзининг «Қаҳрамонлар, қаҳрамонларга сиғиниш ва тарихдаги қаҳрамонлик тўғрисида» (1840) номли асарида «дунё тарихи буюк шахсларнинг таржимаи ҳолидир» дея таъкидлаган.
Карлейл буюк одамларда қайсидир маънода илоҳийликни кўради – Худо улар фаолиятига «ўз хоҳиш-иродаси»ни «жойлайди». Карлейлнинг фикрича, дунё тараққиёти қонуниятлари фақат «танланганлар» ёки «қаҳрамонлар»гагина аён бўлади, улар «тарихнинг ягона ҳақиқий ижодкорлари»дир.
Марксизм асосчилари ҳам шахснинг тарихдаги ўрни масаласини эътибордан четда қолдирмаган. Хусусан, К.Маркс ва Ф.Энгельс идеалистик ёндашувларни ва шахс ролини теологик асослашни танқид қилишган ҳамда шахснинг тарихдаги ролини хаспўшлаб, унинг ҳаракатларини ташқи моддий омилларга қатъий боғлаб қўйишган. Уларнинг фикрича, тарихий қонунлар ўзгармасдир, яъни улар ҳар қандай вазиятда (эрта ёки кеч, осон ёки қийин, кўп ёки камроқ) амалга ошади.
Бироқ ХIХ аср охирига келиб, файласуфлар тарихда шахснинг ролини баҳолашда ўта қарама-қарши ёндашувлардан узоқлаша бошладилар. Масалан, рус-француз файласуфи Шарль Раппопорт «Тарих фалсафаси унинг асосий оқимларида» (1899) асарида шахснинг тарихдаги ўрни ҳақидаги юқорида тилга олинган қарашлар билан бир қаторда, шундай ечим ҳам борлигини таъкидлаган: «Шахс – тарихий тараққиётнинг ҳам сабаби, ҳам маҳсулидир».
Шахснинг тарихда тутган ўрни билан боғлиқ замонавий қарашлар ҳақида гапирганда, америкалик файласуф Сидней Хук ва унинг «Тарихдаги қаҳрамон. Чекловлар ва имкониятлар тадқиқи» (Sidney Hook, «The Hero in History», 1943) монографиясини ёдга олиш керак.
Сидней Хук шахснинг тарихдаги ролини шубҳа остига қўймайди. Қолаверса, у буюк шахсларни тарих ривожига таъсир даражасига кўра тартиблайди. Чунончи, уларни воқеаларга таъсир кўрсатадиган етакчилар ҳамда фақат таъсир қилибгина қолмай, тарихий воқеаларни ўзи яратадиган, воқеаларни шахсан ўзи бошлаб, жараёнларни ҳаракатга келтирадиган етакчиларга ажратади (мисол учун худди шу йўлни танлаган Дэн Сяопинни олайлик).
Мақоланинг ушбу қисмини якунлаб, шуни таъкидламоқчиманки, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб кузатилган шахснинг роли муаммосига илмий қизиқишнинг сусайиши шахснинг тарихдаги роли пасайганини англатмайди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунёнинг кўплаб давлатлари тақдири, яъни ривожланишидаги юксалиш ва инқирозлар у ёки бу етакчи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бинобарин, ҳозирги Марказий Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда содир бўлаётган тарихий воқеаларни ҳам худди шу нуқтаи назардан баҳолаш керак. Бу эса шахснинг тарихий жараёнлардаги ўрни каби масалани илмий тадқиқ этиш аҳамиятини белгилаб беради.
Шахсларнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрни ҳақида
Тарихий воқелик шуки, Марказий Осиё ҳатто қадимги даврларда ҳам Осиёнинг юраги сифатида алоҳида эътиборга молик ҳудуд бўлган. У орқали, айниқса, жаҳон денгиз йўллари очилгунга қадар Буюк Ипак йўли ва бошқа барча халқаро коммуникациялар ўтган.
Ўша пайтларда бу ерда бутун инсоният тараққиётининг кейинги йўналишига ижобий таъсир кўрсатган ўзига хос маданий-тамаддуний марказ шаклланган. Ибн Сино ва Aл-Хоразмий, Беруний ва Форобий, Бухорий ва Термизий, Замахшарий ва Улуғбек каби буюк олимлар силсиласидан бутун ўрта асрлар дунёси тиббиёт, математика, астрономия, ҳадисшунослик ва бошқа илму фанларни ўрганган.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, қадимда турли номлар билан аталган замонавий Марказий Осиё цивилизацияси, маданий ва тарихий мероси минг йиллардан буён шу тупроқда яшаб келаётган халқларимизнинг умумбойлигидир.
Aммо, адолат нуқтаи назаридан, ўзбек халқи ҳамиша Марказий Осиё цивилизациясининг марказида бўлганини, бу борада ҳеч ким инкор эта олмайдиган алоҳида тарихий роли ва ўрни борлигини асло унутмаслик керак. Минтақа аҳолисининг деярли ярми истиқомат қиладиган Ўзбекистон жўғрофий жойлашувига кўра, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасида боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Бу мақомда ўзига хос марказлаштирувчи ролни бажариб, минтақани сиёсий, иқтисодий, маданий ва диний-мафкуравий жиҳатдан бирлаштирган ўзбек халқи зиммасига бутун Марказий Осиёнинг тарихий ривожланишида алоҳида масъулият юкланади.
Тарихимиз Марказий Осиё халқлари ва давлатлари ривожига улкан таъсир кўрсатган буюк шахсларга бой. Давлат арбоблари орасида Aмир Темур ва темурийлар сулоласининг Ўрта Осиё чегараларидан ошиб, Ҳиндистонгача бўлган улкан ҳудудда буюк империялар барпо этган тарихий ролини алоҳида таъкидлаш мумкин. Aмир Темурнинг беқиёс ролини асло камситмаган ҳолда, шуни таъкидламоқчиманки, ўзбек халқи ва ўзбек давлатчилигининг келиб чиқиши тарихнинг чуқур қатламларидан бошланади. Аммо тарих фанимиз, сиёсатшунослигимиз, публицистикамиз, кинематографиямиз ва ҳатто бадиий адабиётимизда ҳам қарлуқлар, қорахонийлар ва сомонийлар сулолалари ҳукмронлиги даврида тарих майдонида ёрқин из қолдирган бир қатор буюк шахсларнинг фаолияти амалда очилмаган ва ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.
2016 йилдан сўнггина Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев тарихий воқеалар ва шахсларни ёритишдаги эскирган ақидаларни бузишга муваффақ бўлди. Натижада Хива хонлигининг бош вазири Саид Исломхўжанинг (1907-1913 йиллар) илғор ролини, шунингдек, ануштегинлар сулоласидан бўлган сўнгги хоразмшоҳ (1220-1231) Жалолиддин Мангубердининг тарихий аҳамиятини очиб берувчи фильмлар яратилди.
Шу ўринда ўз даврида ислом фалсафий тафаккури ва ислом маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Aбу Исо ат-Термизий ва Имом ал-Бухорийнинг ижоди ҳақида суратга олинган фильмларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Лекин халқимиз яна бир тарихий шахс – Ўзбекхон фаолияти билан яқиндан танишишни сабрсизлик билан кутмоқда. Бу, албатта, тарихчиларга ишора. Кўпчиликнинг фикрича, Ўзбекхон ўзбек халқи ва ўзбек давлатчилигининг шаклланишида ўзига хос из қолдирган. Тўғриси, шу номни миллат номи сифатида қабул қилиб, унинг келиб чиқишига қизиқмаслик ёки катта эҳтимол билан, бу тарихий фактдан тайсаллаш, уни яшириш нима учун керак бўлганини мен ҳозиргача тушунмайман.
Билишимча, (албатта, мен профессионал тарихчи эмасман) Ўзбекхон 1313 йилда Урганчдан келиб, Олтин Ўрда тахтини эгаллаган ва ўша даврда ҳозирги Ўзбекистоннинг бир қисми – Хоразм ва Оролбўйи ҳудудлари Олтин Ўрда таркибига кирган. Унинг ислом динини ёйишдаги бетакрор хизматларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ўзбекхон исломни ўз империясининг, жумладан, Евроосиёнинг бепоён кенгликларида истиқомат қилган халқларнинг ҳукмрон (доминант) динига айлантирди, ислом цивилизацияси майдонида бирлаштирди.
Шунингдек, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг ўтмиш тақдирида муҳим роль ўйнаган Муҳаммад Шайбонийхон ва шайбонийлар сулоласини ҳам алоҳида эслатиб ўтиш лозим. Темурийлар салтанати таназзулга юз тутиб, охир-оқибат парчалангач, ўлкамизни Эрон ҳукмдори Исмоилшоҳ қўшинидан сақлаб қолган ҳам айнан шайбонийлар бўлади. Эҳтимол, мард шайбонийлар бўлмаганида, Туркистон аллақачон Форс империясининг шимоли-шарқий вилоятига айланармиди?
Қолаверса, Бухоро ва Қўқон хонликларида ҳукмронлик қилган тарихий шахсларнинг ўрни ва фаолияти тарих фанимиз ва публицистикамизда ҳамон ёритилмай келмоқда. Бу ҳақда гапирар эканман, минтақа тарихи унда яшаётган барча халқлар тарихи эканини яна бир бор таъкидламоқчиман. Шу оддий сабаб туфайли 1920 йилларга қадар Марказий Осиёда давлатларни миллий тамойилга кўра бўлиш одат тусига кирмаган. Биз ҳаммамиз турли нисбатларда бу давлатларнинг бир қисми бўлганмиз ва умумий ном билан «туркистонликлар» деб аталганмиз.
Фалсафада жамият ва инсоният спиралсимон ривожланади, деган назария бор. Шу ҳақда мулоҳаза қилар эканман, қолаверса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсадли ва жадал характерини инобатга олиб, келгуси тарихда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё инсоният тарихида йўқотган мавқеини қайтариб оладиган, яна ўз қадр-қимматини тиклайдиган даврлар яқинлашаётганига асло шубҳа қилмайман.
Ҳозирги босқичнинг Марказий Осиёдаги аҳамияти ёки Шавкат Мирзиёев феноменининг таъсири ҳақида
Сўнгги 150 йил давомида дастлаб Россия, кейин Совет империяси таркибида бўлган Марказий Осиёнинг бешта республикаси фақат 1991 йилга келиб, ўз давлат мустақиллигига эришди. Ўшандан буён 30 йилдан ортиқ вақт ўтди ва беихтиёр шундай савол туғилади: Марказий Осиё давлатлари мустақил тараққиётининг ўттиз йиллик тарихида қандай ютуқларга эришди? Бу саволга турлича жавоб вариантлари бор, албатта. Бироқ танловнинг кенглигига қарамай, мен баъзиларни минтақа давлатларига нисбатан бир томонлама фикр билдирмасликка, ўта талабчан бўлмасликка чақираман. Табиийки, бунинг сабаби бор.
Сабабки, бугун Марказий Осиё улкан ислоҳотлар ва катта ўзгаришлар жараёнини бошдан кечирмоқда. Бундан ташқари, 2016 ва 2019 йилларда президентлар алмашган Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳокимият тепасига сиёсий ва иқтисодий модернизацияни бошлаган раҳбарларнинг иккинчи авлоди келди. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг яқин тарихида инновация, ўзгариш ҳамда модернизацияга интилиш турли даражада намоён бўлди. Бу ҳам Марказий Осиёнинг муҳим хусусияти.
Ана шундай бир шароитда Шавкат Мирзиёев 1990 йилларнинг охири ва 2000 йилларнинг бошида Ўзбекистоннинг ёпиқлик ва ўзини ўзи изоляция қилиш сиёсати сабабли қўшни давлатлар билан алоқалар узилиб қолганини, ушбу хатти-ҳаракатлар Марказий Осиё давлатларининг тарқоқлашишига ҳамда минтақадаги вазиятнинг чигаллашишига олиб келганини тўғри англаб етди. Шу боис 2016 йилда ҳокимият тепасига келгач, Марказий Осиё муаммоларини ҳал этишни ўз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши деб эълон қилди. Бу муҳим қадам туфайли қўшнилар билан боғлиқ барча эски муаммолар, келишмовчилик ва қийинчиликларга чек қўйилди. Қўшниларимиз Тошкентни ўзининг энг яқин ва ишончли ҳамкори, деб билмоқда. Бу минтақада ўзаро ишончга, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка асосланган янги геосиёсий вазиятнинг вужудга келишига замин яратди.
Минтақавий ҳамкорликнинг мадда бойлаган барча муаммоларини очиқ муҳокама қилиш ва бартараф этиш зарурлигини чуқур ҳис қилган Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам равишда ўтказиб туриш таклифи билан чиқди. Минтақанинг бошқа давлатлари, биринчи навбатда, Қозоғистон Ўзбекистон раҳбари ташаббусини анча фаол қўллаб-қувватлади. Назаримда, бугун минтақадаги энг муҳим икки давлат сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистон тандеми туфайли Марказий Осиёда янги интеграция жараёнлари изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳамда Қозоғистондаги ислоҳотлар Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига бевосита таъсир қилмаса-да, сиёсат, иқтисодиёт ва дипломатиядаги салмоғи туфайли бу икки давлат бутун минтақа ривожига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Умид қиламизки, минтақадаги бошқа давлатлар ҳам бу жараёнга янада салмоқли ҳисса қўшадилар. Жумладан, Туркманистон бу масалага анча фаол ва оқилона ёндаша бошлади.
Ҳозирги босқичда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда минтақавий интеграция ва минтақавий ўзига хосликни шакллантириш борасида улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Унинг фикрича, минтақа халқлари нафақат умумий тарих, балки умумий истиқболга эга эканини англаб етишлари керак. Айнан шу боис кўплаб сиёсатшунослар Марказий Осиё жаҳонда ягона минтақа сифатида тан олинаётганини алоҳида таъкидлашмоқда.
Бундай мақом минтақанинг геосиёсий мавқеини мустаҳкамлабгина қолмай, халқаро майдонда минтақа манфаатларини ҳимоя қилишда катта имкониятлар эшигини ҳам очади. Шу асосда «5+1» формати вужудга келди. Унда Марказий Осиёнинг бешта давлати ҳамда битта хорижий ҳамкор (AҚШ, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон ёки бошқа давлатлардан бири) иштирок этади. Эътиборлиси, бу формат, ўз навбатида, Марказий Осиёнинг коллектив ўзига хослигини шакллантиришга ва мамлакатлар сиёсий элитасини бирлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Қолаверса, кўплаб хорижий давлатлар учун ягона Марказий Осиё билан ҳамкорлик қилиш қулайроқдир.
Эндиликда Марказий Осиё давлатлари 2022 йил 21 июлда Чўлпон-Ота шаҳрида (Қирғизистон) Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада аниқ ифодаланганидек, таҳдидларни бартараф этиш, ўз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш учун бир-бирини қўллаб-қувватлаш зарурлигини янада теранроқ ҳис этмоқдалар.
Маълумки, Осиёнинг қоқ марказида жойлашган минтақамиз кўп асрлар давомида муҳим савдо йўлларидан четда, глобал жараёнларга қўшила олмай, дунёдаги ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий тараққиётдан тобора ортда қолиб, ҳар жиҳатдан қолоқ минтақага айланишга маҳкум эди.
Марказий Осиёни транспорт билан боғлиқ боши берк кўчадан олиб чиқиш минтақа миқёсидаги муҳим вазифалардан биридир. Бироқ яқин-яқингача минтақадаги бирон-бир давлат бу борадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш вазифасини ўз зиммасига олмаганди. Бу жараён ҳам Марказий Осиёни Европа, Осиё ва Яқин Шарқ бозорлари билан боғловчи самарали транспорт-коммуникация инфратузилмасини яратиш бўйича минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш таклифи билан чиққан Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, ечимини топди. У келгусида минтақани нафақат муҳим транспорт-логистика марказига айлантириш, балки Марказий ва Жанубий Осиёнинг геоиқтисодий ландшафтини ҳам ўзгартириб юбориши мумкин бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди. Бошқа омиллар қатори уларнинг амалга оширилиши дунёнинг мазкур ҳудудида бизнесни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётни тиклаш учун янги имкониятлар яратади.
Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» йўналиши бўйича 454 километр узунликдаги темирйўл линияси лойиҳаси ишга тушиши маҳаллий иқтисодиёт ривожининг ўзига хос ҳаракатлантирувчи кучига айланади. Бу йўналишда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон темир йўлларини, сўнгра Транскаспий ва Транскавказ йўлаклари бўйлаб Европа темир йўл тармоғи билан боғланиш назарда тутилган.
Марказий Осиё – Форс кўрфази мультимодал коридоридан, жумладан, 1996 йилда ишга туширилган «Тажан – Сарахс – Машҳад – Бандар-Aббос» темир йўл линиясидан самарали фойдаланиш, шунингдек, очиқ уммонга чиқиш имконияти бўлган Чобаҳор портига яна бир йўналишни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик ҳар қачонгидан мустаҳкамланмоқда.
2022 йил декабрида Измир портига чиқадиган 4500 километр узунликдаги «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия» янги темир йўл йўналиши ишга туширилди. Бу Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилиш учун қўшимча йўналишга айланди. Шунингдек, «Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия мулоқоти» формати доирасида Ўзбекистонга Туркиянинг Мерсин порти орқали Ўрта Ер денгизига чиқиш имконини берадиган «Навоий – Туркманбоши – Боку – Тбилиси – Карс» темирйўл коридорининг муҳим салоҳияти қайд этилди.
«Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» йўналиши бўйича узунлиги қарийб 600 километр бўлган темир йўл қурилиши билан Трансафғон транспорт йўлагини қуриш ҳам истиқболли лойиҳалардандир. У Марказий Осиёни энг қисқа йўл орқали Покистон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ билан боғлайди. Лойиҳа Россия, Хитой ва AҚШ томонидан қўллаб-қувватланди.
Мисолларда аниқ кўриб турганингиздек, бизнинг давримизда ҳам биргина сиёсий етакчи, яъни Шавкат Мирзиёев улкан ҳудуддаги геоиқтисодий ландшафтни ўзгартиришга қандай кучли таъсир кўрсата олиши мумкинлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон раҳбари сиёсий курсининг ўта ижобий таъсирини инобатга олиб, уни «Шавкат Мирзиёев феномени» дея атай бошладилар. Ва бу янгича сиёсий сифатлов «Янги Ўзбекистон» атамаси билан бир қаторда, нафақат минтақа, балки халқаро сиёсат майдонларида ҳам баралла янграй бошлади. Хусусан, айни атама сиёсатчиларнинг Aфғонистондаги воқеалар атрофидаги мунозараларида ҳам кенг қўлланила бошлади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг узоқни кўзлаган сиёсати Aфғонистон ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб, унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк сифатидаги тарихий ролини барчага эслатди.
Эътиборлиси, Шавкат Мирзиёевнинг янги ташаббусларидан таъсирланган Покистон ҳам Трансафғон транспорт йўлаги орқали минтақамиз билан ҳамкорлик истиқболларини кўриб, Марказий Осиё билан фаол алоқаларни йўлга қўя бошлади.
Ўзбекистондаги бугунги воқелик ва унинг ривожида Президент таъсири
Ўз кузатишларим ва ҳисоб-китобларимга асосланиб, Ўзбекистон мустақил тараққиётининг бу қисқа даврини уч босқичга бўлишни истардим: 1991-2000 йиллар; 2000-2016 йиллар; 2016-2030 йиллар.
Биринчи босқич 1991-2000 йилларни қамраб олади
СССР парчаланиб кетгач, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига давом этаётган геосиёсий воқеликни англаб етишлари учун маълум вақт керак бўлди. Суверенитет ва хавфсизликни таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўриш зарур эди. Биринчи навбатда, чегараларни белгилаш; янги валютани жорий этиш; давлат бошқарувининг бутун тизимини қайта ташкил қилиш; ўз армияси ва куч ишлатар тузилмаларини яратиш; иқтисодий ривожланишнинг янги моделини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш; гиперинфляцияни ва СССР режали иқтисодиёти инқирозининг бошқа салбий оқибатларини бартараф қилиш (чунки ягона Совет иқтисодиётининг ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги барча занжирлари узилган эди) каби муҳим масалалар билан шуғулланиш керак эди.
Шу боис ортга қараб, шуни айтишим мумкинки, жамиятда жадал ислоҳотларга бўлган талаб юқори эканига қарамай, Сингапур ёки Жанубий Корея каби кескин ўсишни тайёргарликсиз олиб бориш ва амалга оширишнинг асло иложи йўқ эди. Бунинг учун «Осиё йўлбарслари» ва Марказий Осиёнинг собиқ шўро республикалари бутунлай ўзгача эканини англаб етиш керак. Менимча, 1990 йиллар бошларида бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос моделини ишлаб чиққан Ўзбекистон ўз мустақил йўлини анча яхши бошлагандек эди. Кўзга кўриниб турган омилларга кўра, мамлакатимизнинг жадал ривожланиш имкониятлари Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон, жумладан, фуқаролар уруши аланга олган Тожикистондан анча яхшироқ эди. Шу боис Ўзбекистон мустақил тараққиётининг дастлабки ўн йилини минтақадаги энг яхши натижа билан якунлади.
Эсимда, ўшанда бизга нафақат қўшни давлатлар ҳавас билан қарашган, балки Россия раҳбарлари ҳам тараққиётнинг ўтиш босқичида Ўзбекистон муваффақиятини мисол қилиб кўрсатишган эди.
Иккинчи босқичга 2000-2016 йиллар киради
Мутахассислар Ўзбекистон тараққиётидаги бу даврни сиёсий ва иқтисодий турғунлик даври сифатида тавсифлайди. Нима учун шундай бўлди? Ахир аввалги босқичда белгилаб олинган тараққиёт йўли яхшироқ натижаларга умид қилишга асос берар эди-ку? Назаримда, бу жуда оғир ва ўта оғриқли савол, унга битта мақола доирасида жавоб бериш мушкул.
Умуман олганда, фикримча, бу саволга бирёқлама жавоб беришнинг ҳам имкони йўқ. Чунки ҳаётда, кенг маънода ва мавзу доирасида айтадиган бўлсак, бутун бошли мамлакат ҳаёти ё тарихида ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди. Ҳар нарсанинг объектив ва субъектив сабаблари ва шарт-шароитлари бўлади.
2000 йиллар бошида кўпчилик халқимизнинг бағоят меҳнатсеварлиги ва ўзига хос тадбиркорлик қобилиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ўз тараққиётида минтақадаги қўшниларини анча ортда қолдириб, жадал суръатлар билан олға боришини кутган эди. Лекин бутун дунё бунинг аксига гувоҳ бўлди. Яъни Ўзбекистонда жадал ўсишни таъминлашга қаратилган тизимли туб ислоҳотлар тўхтаб қолди. Билъакс, мамлакат фақат бироз олдин – 90-йилларда эришилган иқтисодиётнинг нисбий барқарорлигини сақлаб қолишга жидду-жаҳд қилди.
Энг ачинарлиси, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини бутунлай барбод этган бир қатор номақбул қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон 2003 йил октябрида ХВФ Низомининг VIII моддаси бўйича ҳеч қандай чекловларсиз жорий халқаро операциялар учун валюта конвертациясини амалда қўллаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармади. Мамлакат аста-секин ташқи дунёга ёпилди, ўзини изоляция қилиш сиёсатини олиб борди, қаттиқ чегара ва савдо чекловларини киритди. Бунинг фонида дастлаб Ўзбекистонга катта иштиёқ билан келган хорижий инвесторлар ўз бизнесларини қўшни давлатларга кўчира бошладилар. Эсимда, 2000 йиллар ўрталарида юқори мартабали қозоғистонлик қадрдонларимдан бири Ўзбекистон ўз ислоҳотларини секинлатиб, Қозоғистонга кўмаклашгани, унга ислоҳотларни жадаллаштириб, минтақадаги энг қудратли иқтисодиётга айланиши учун имкон бергани учун «миннатдорлик» билдирган эди.
Начора, факт фактлигича қолади: бундай шароитда ўзбекистонликлар Хитой, Малайзия ва ҳатто қўшни Қозоғистондаги муваффақиятларни фақат томоша қилишлари ва олқишлашлари мумкин эди. Бугун кўпчилик сиёсатчи ва иқтисодчиларнинг «Ўзбекистон 2000 йилларда ислоҳотлар жараёнини тўхтатиш билан ўта муҳим қисқа даврни қўлдан бой берди» деган таҳлилий қарорларини тасдиқлашдан ўзга имкон тополмайман.
Сўзларим асоссиз бўлмаслиги учун чет эл тадқиқотидан бир далил келтираман. 2004 йил 11 мартда қароргоҳи Брюсселда жойлашган Халқаро Инқироз Гуруҳи (International Crisis Group) «Ўзбекистондаги ислоҳотлар омадсизлиги: халқаро ҳамжамият учун кейинги қадамлар» номли таҳлилий ҳисоботини эълон қилди. Унда «ХВФ маълумотларига кўра, 2003 йилда мамлакат иқтисодиёти атиги 0,3 фоизга ўсган, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот эса 1998 йилдан буён ҳар йили пасайиб, 2003 йилда атиги 350 долларни ташкил этгани қайд этилган. Чет эл сармояси кам, мамлакат хомашё, асосан олтин ва пахта экспорти эвазига кун кечирмоқда» дейилган эди.
Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон оғир иқтисодий турғунликни бошидан кечиришда давом этаётгани, ишсизлик кўпаяётгани ва турмуш даражаси пасаяётгани, аҳолининг 80 фоизи қашшоқликда яшаётгани таъкидланганди. Хуллас, хорижлик экспертлар Ўзбекистон ўзи учун муҳим бўлган ислоҳотлардан жуда ортда қолаётгани ҳақида ўша кезлардаёқ бонг ура бошлашган. Шунингдек, улар «Иқтисодий инқироздан чиқишнинг ягона йўли узоқ муддатли таркибий ислоҳотларни амалга оширишдир», дея таъкидлашган.
Ўша кезларда Ўзбекистонда бундай тавсияларга қулоқ соладиганларни топиш амримаҳол эди, албатта. Ваҳоланки, ўз қобиғига ўралиб олиш, мамлакатни ҳар қандай «таъсирлар»дан ҳимоялаш ёки ҳатто бу ҳақда ўйлаш ҳам бугунги глобаллашув даврида бемаъниликдир.
Тўғрисини айтсам, бугун мен атиги 7 йил аввал ҳам мавжуд бўлган ўша оғир вазиятни эслашни истамайман: ёпиқ жамиятдаги бахтсиз инсонларнинг маъюс қиёфаси, мамлакатнинг ташқи дунёдан узилиб қолиши, қўшни давлатлар билан таранглашган ва қатъий виза режими, савдо тўсиқлари ва қўшни давлатлар билан чегаралардаги миналар туфайли тинч аҳолининг ҳалок бўлиши, нариги томондаги қариндошларини кўриш учун оддий имконият ҳам яратилмагани... Қай бирини айтасиз?
Мамлакат ичида эса иқтисодий турғунлик, тотал цензура, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳукмронлиги, диний соҳадаги қатъий тақиқлар, тадбиркорларга зуғум, конвертация йўқлиги, бутун жамиятнинг оғзига қопқоқ уришга бўлган Дон Кихотча ҳаракатлар ва ҳоказолар... Буларнинг барчаси йўл қўйилган бошқа хатолар қаторида Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий обрўсига жиддий путур етказди.
Менимча, бошқа ҳеч бир жиҳат деворлар ва тўсиқлар барпо қилишчалик ўша давр табиати-характерини аниқ очиб беролмаса керак. Нафақат марказий давлат органлари ва ҳудудий маъмурий идоралар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки халқ билан, халқ орасида ишлаши керак бўлган маҳаллий органлар ҳам биноларини халқдан ажратиб, темир панжаралар билан ўраб олди. Ҳатто Тошкентнинг марказий кўчалари ҳам темир-бетон панжаралар билан тўсиб қўйилди. Шунингдек, туманлар ва вилоятлар ўртасидаги чегараларда кўплаб назорат пунктлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги постлари ва бошқа хизматлар барпо этилди. Буни ҳақли маънода, давлатнинг жамиятдан шубҳаланиши, уни ўзига нисбатан хавф ўрнида кўриши, дея баҳолаш мумкин эди.
Тасаввур қила оласизми, сурхондарёлик ёки самарқандлик оддий чўпон ё деҳқон Тошкентга киргунча қанча текширувлардан ўтиши керак эди?! Буларнинг барчасини тасвирлашга сўз ожиз. Буни – ўз халқини таҳқирлашдан бошқа яна нима, деб аташ мумкин?!
Шуни айтмоқчиманки, сиёсатдан нафақат норози бўлганлар, ҳатто иккиланганлар ҳам унчалик хушланмасди. Уларни таъқиб қилишар (қора рўйхатлар шу кайфият меваси бўлса керак) ёки тизимдан сиқиб чиқаришарди. Қанчадан-қанча ғайратли, истеъдодли, интеллектуал салоҳияти юқори инсонлар ҳукмрон тузумнинг бир чеккасида қолиб, ҳатто ўз юрти тараққиётига хизмат қилиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлган эдилар.
Классик сиёсий иқтисодда базис ва устқурма каби категорияларнинг ўзаро муносабати ва таъсири тўғрисидаги таълимот мавжуд. Унга кўра, иқтисодиётни модернизация қилиш жараёнида мамлакатлар бир вақтнинг ўзида ўз сиёсий тизимини ўзгартириб, уни демократлаштириши ва халқ олдидаги ҳисобдорлигини оширишлари шарт. Жамият билан конструктив мулоқотгина сиёсий етакчига келажакдаги ривожланиш йўналишларини тўғри белгилаш имконини беради. Қолаверса, бунда етакчининг инновацион ғояларини ўзлаштирган омманинг ўзи ислоҳотчига айланади. Бугун ўтмишга қараб, шуни таъкидлаш керакки, ўша даврда Ўзбекистонда буларнинг ҳеч бири амалга ошмаган эди.
Шахсан ўзим ўзбек муаллифларининг ўша даврдаги мамлакатимиз тараққиётини атрофлича таҳлил қилган бирон-бир материалини учратмадим. Бироқ, менга яна шу нарса ҳам аёнки, илгари бундай форматда давлат ва жамиятда кечаётган жараёнларни таҳлилга тортишнинг имкони ҳам йўқ эди...
Учинчи босқич 2016 йилдан 2030 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади
2016 йилдан буён ўтган қисқа давр Ўзбекистон учун кўплаб тарихий воқеаларга бой бўлди. Етти йил ичида мамлакатда олдинги чорак асрдагига қараганда кўпроқ ишлар қилинди десам, асло муболаға бўлмайди. Баъзан менга шундай туюладики, мамлакатимизда сўнгги йилларда рўй берган ўзгаришлар бизни шу қадар эсанкиратиб қўйдики, халқимиз биз бошдан кечираётган давр моҳиятини, бурилиш нуқтасини англаб етишга улгурмай қоляпти!
Инглиз публицисти ва дипломати Генри Болингброк (1678-1751) «Тарих бизни мисоллар орқали ўргатувчи фалсафадир», дея таъкидлаган. Ушбу ҳикматни яхшироқ англаш учун, келинг, 2016 йил арафасида сайёрамизни тарк этган оддий Ўзбекистон фуқароси шу кунларда бу ерга қайтганини тасаввур қилиб кўрайлик.
Назаримда, у қисқа вақт ичида мамлакат сиёсий ва иқтисодий ҳаётида рўй берган улкан ўзгаришларни кўриб, ҳайратда қолиши аниқ.
Янги Президент халқнинг ҳокимиятга бўлган ишончини тиклаш масаласини ўзининг энг асосий вазифаларидан бири этиб белгилади. Чунки ривожланмаган жамият билан кучли давлат қуриб бўлмайди. Халқнинг иштирокисиз амалга оширилган ҳар қандай ислоҳот ҳалокатга маҳкум. Одамларнинг дунёқарашини ўзгартирмай туриб, жамиятни янгилаб бўлмаслиги ҳам кундек равшан.
Назаримда, Шавкат Миромоновичнинг фикр ва сўз эркинлигига йўл очиб, бу ишни пастдан, оддий халқ орасидан бошлашга қарор қилганининг асосий сабаби ҳам айнан шу эди. Бундан ташқари, Президент давлат ва халқ ўртасидаги деярли йўқолган алоқани тиклаш мақсадида мансабдор шахсларни кабинетларини тарк этиб, халқ олдига боришга мажбур қилган Халқ қабулхоналари тизимини ўрнатди. Шунингдек, ўша машъум металл тўсиқлар ва темир-бетон деворларни зудлик билан олиб ташлаш, вилоят ва туманлар ўртасидаги кўплаб назорат-ўтказиш пунктларини тугатиш бўйича кўрсатмалар бериб, аввалги даврнинг сиёсий «қадрият»га айланган атрибутларини парчалади. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор.
Шавкат Мирзиёев илк қадамлариданоқ ўз сиёсатининг очиқлиги ва халқчиллигини намоён этиб, энг аввало, мамлакат ичидаги репрессив тузумни тугатди.
Давлат раҳбарининг ўта мушкул, бир пайтлар ҳатто ҳаёт-мамот тамойили даражасига кўтарилган юз йиллардан буён давом этиб келаётган муаммоларни ҳам тез ва осон ҳал этганига кўп бор гувоҳ бўлиб, ҳайратда қолганман. Мен шу ўринда пахта яккаҳокимлиги тугатилганини, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги пахта қуллиги ва болаларнинг мажбурий меҳнатига барҳам берилганини назарда тутяпман.
Қолаверса, тўқимачилик саноатининг жадал ривожланиши туфайли Ўзбекистон 7 йилдан сўнг пахта хомашёсини экспорт қилувчи давлатдан том маънодаги пахтани импорт қилувчи давлатга айланади, деб ким ҳам ўйлабди? Кўриниб турибдики, бундай таъсирчан ўзгаришлар янги раҳбарнинг мамлакатни янгилашдаги беқиёс ролидан дарак беради.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев валютанинг эркин конвертациясини йўлга қўйиб, дарҳол пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатини либераллаштиришга эришди. Ташқи савдо ва божхона тарифлари режими ҳам юмшатилди. Бугун ишбилармонлар фаоллигининг тез суръатларда ортиб бораётгани, сармоядорларнинг мамлакатимизга қайтаётгани бу қарорлар нақадар тўғри эканини кўрсатмоқда.
Фактларни изоҳлашга ҳожат йўқ. HSBC глобал банки (Жаҳон 2050 йил ҳисоботи) маълумотларига кўра, Ўзбекистон яқин ўн йилликларда дунёнинг иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатларидан бири деб топилди. «Очиқ эшиклар» сиёсати мамлакатга 2019 йилдан бошлаб дунёнинг энг тез ривожланаётган ва жозибадор сайёҳлик йўналишлари бешлигидан мустаҳкам ўрин олиш имконини берди.
Ҳозирда Ўзбекистон дунёнинг қолоқ мамлакатлари тоифасидан (илгари аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси 350-400 долларни ташкил этган) ўртача даромадли мамлакатлар (ҳозир 2250 доллар) қаторига ўтишга муваффақ бўлди. Эндиги мақсад 2030 йилда ўртачадан юқори даромадли мамлакатлар даражасига эришишдир.
Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг бошидаёқ 2025 йилга бориб, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини икки баробарга ошириш, унинг ҳажмини 58 миллиард доллардан 100 миллиард долларга етказиш (бу кўрсаткич ҳозирнинг ўзидаёқ 82 миллиард долларлик довондан ошди), тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг йиллик ҳажмини 10 миллиард долларга (бу кўрсаткичга эришилди), экспорт ҳажмини эса 30 миллиард долларга етказиш (ўтган йилги экспорт ҳажми 25 млрд. долларга етди) вазифасини қўйди.
Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш борасидаги муваффақиятлар 2021 йил апрель ойида Ўзбекистонни Европа Иттифоқига 6200 турдаги товарларни божсиз экспорт қилиш имконини берувчи GSP+ имтиёзлар тизимига қўшган Европа Иттифоқида ҳам қайд этилди. Натижада биргина 2023 йил бошидан буён ЕИ билан савдо ҳажми 70 фоизга ошди.
Шу тариқа етти йил ичида Ўзбекистон йўқотган мавқеини тиклаб олди, минтақада асосий фигурага айланди. Яқин келажакдаги вазифа – Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг молиявий маркази ва самарали бизнес хабига айлантиришдан иборат. Буларнинг барчаси Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий стратегияси самарасидир.
Ўзбекистонинг ривожланган мамлакатлар сафига ўтиши учун мустаҳкам пойдевор айнан бугун яратилмоқда. Президент 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки бараварга ошириб, 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини 4 минг долларга, умумий экспорт ҳажмини икки баробарга ошириб, 45 миллиард долларга етказиш, 250 миллиард долларлик сармоя жалб этиш вазифасини қўйди.
Ўзбекистон 2030 йилдан ривожланишнинг тўртинчи босқичига қадам қўйиши мумкин. Бироқ, шубҳасиз, 2030 йилдан кейин амалга оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотлар ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Аввалги ва ҳозирги босқичларда иқтисодий ўсишни табиий ресурслардан фойдаланиш, инвестицияларни жалб қилиш ва меҳнат ресурсларини оқилона тақсимлаш ҳисобига таъминлаш мумкин эди. Мамлакатнинг кейинги тараққиёти учун технологик жиҳатдан юксалиш сув ва ҳаводек зарур. Масалан, бугунги давр етакчи мамлакатларнинг «тўртинчи саноат инқилоби», шунингдек, «ақлли ёки инновацион иқтисодиёт»га ўтиши билан тавсифланяпти. Хусусан, ахборот технологияларидан (IT) маълумотлар технологиясига (Data technology, DT) босқичма-босқич ўтиш кузатилмоқда.
Бироқ технологик жиҳатдан юксалиш, биринчи навбатда, тараққиётнинг юқори технологияли даражасига ўтишнинг зарур шарти ўлароқ, инсон капитали сифатини оширишни талаб қилади. Aкс ҳолда, мамлакат яна 20-30 йил давомида ўртача ривожланиш даражасида қолиб кетиши мумкин.
Шу боис Шавкат Мирзиёев мамлакатда инсон капиталини оширишга хизмат қиладиган соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни бошлагани бежиз эмас. Хусусан, Президент 2020 йилнинг сентябрь ойида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган маърузасида мамлакатимиз олдига «Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратиш ва уни миллий ғоя сифатида кўришни стратегик вазифа» этиб белгилади (маълумки, Марказий Осиёда мусулмон ренессанси деб ҳам аталадиган Биринчи Ренессанс даври IX-XII асрларда бўлиб ўтган, Иккинчи Ренессанс даври эса темурийлар салтанатида санъат ва фаннинг гуллаб-яшнаган даврида бошланиб, XIV-XVI асрларда кузатилган).
Мақоланинг ушбу қисмини шундай хулоса билан якунламоқчиман: Учинчи Ренессанс даври бўсағасида турган Ўзбекистон яна Марказий Осиёда минтақавий тараққиёт марказига айланиши зарур. Бунинг учун мактабгача таълим, мактаб, олий ва ўрта махсус таълим тизимини энг юқори сифат даражасига кўтариш, янги Ренессанс даври шаклланишида илмий муассасаларни «ўзаро боғлиқ бўлган тўртта бўғин» га айлантириш мақсадида уларни модернизация қилиш керак, деган фикрни илгари сурди давлатимиз раҳбари.
Сўнгсўз ўрнида
Мақоланинг якуний қисмини мен беихтиёр Шавкат Мирзиёев Президент сифатидаги илк учрашувларидан бирида Ўзбекистон қандай аянчли аҳволга тушиб қолганини таъкидлаб, реал статистик маълумотларни келтиргани ҳақидаги хотиралардан бошламоқчи эдим. Давлатимиз раҳбари мамлакат тараққиётининг истиқболлари ҳақидаги қарашларини баён этар экан, аввал тўхтатилган барча тизимли ислоҳотларни зудлик билан амалга ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар қилишга даъват этди. Янги Президент кўзлари ёниб, бизни «Ўзбекистон иқтисодий қолоқлик зонасидан чиқиб кетишига умид қилишнинг ягона йўли» шу эканига ишонтирди. Акс ҳолда, Ўзбекистон янада ривожланган давлатлар учун қашшоқ ва қолоқ хомашё базаси мавқеига чидаб яшашга мажбур бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Тўғрисини айтсам, Ўзбекистоннинг янги Президентини диққат билан тинглар эканман, ўша кезлар вазият мамлакат учун қанчалик жиддий ва ҳалокатли эканини яхши англамагандим. Орадан 7 йил ўтди. Унинг башоратлари, фикр-мулоҳазалари қанчалик тўғри эканини тарих кўрсатиб берди. Амалга оширилган ишлар натижасида мамлакат иқтисодий бўҳрондан узоқлашди.
Бундан 7 йил аввал Ўзбекистон барча қўшнилари билан амалда эълон қилинмаган савдо-иқтисодий, чегаравий, божхона ва ахборот уруши ҳолатида бўлганини ҳам унутмайлик. Агар Президентнинг минтақадаги вазиятни соғломлаштириш ва яхшилаш борасидаги фаол ҳаракатлари бўлмаганида, минтақада қандай можаролар авж олиши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Шу нуқтаи назардан, ишонч билан айта оламанки, ўтган вақт мобайнида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг келажак тақдири узил-кесил ҳал бўлди. Ўзбекистон раҳбарининг тарихий ўрни айнан шу масалада амалий ифодасини топди. Қолаверса, ҳозир халқаро сиёсатда бу жараён «Шавкат Мирзиёев феномени» сифатида ҳам тан олинди.
Ҳа, 2016 йилда Ўзбекистоннинг янги раҳбари ва унинг жамоаси ривожланишнинг зарур устувор йўналишларини тўғри белгилаб, самарали старт олишга муваффақ бўлди. Бироқ ҳозирда Ўзбекистоннинг ўз мақсадларидан адашиб кетмаслиги ниҳоятда муҳим масаладир.
Ишонинг, бундай хавф доимо мавжуд бўлган ва бўлади. Айниқса, бу масала дунёда янги қутбланиш вужудга келаётган, бозорлар, ресурслар учун кураш кучайган, кучли давлатларнинг заиф мамлакатлар устидан ҳукмронлик қилиш истаги пайдо бўлган, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларга ўхшаш ўта шафқатсиз, яъни ҳарбий қарама-қаршилик ёқасидаги манфаатлар ҳимояси намоён бўлаётган бир паллада жуда долзарбдир.
Шу боис 9 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари Президент сайловида Ўзбекистон халқи ўзи бошлаган ислоҳотларни охирига етказиш учун Шавкат Мирзиёевга яна бир бор ишонч билдиргани бежиз эмас.
Хулоса ўрнида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон ўз уйимиз, барчамизнинг Ватанимиз. Ундан ўзга Ватан йўқ! Демак, Шавкат Мирзиёев таклиф қилганидек, Янги Ўзбекистонимизни ҳаммамиз биргаликда қуришимиз керак!
Бу мақсадни амалга ошириш учун аҳоли фаровонлигини таъминлаш, камбағалликни бартараф этиш, маъмурий ва техник қолоқликдан қутулиш, шунингдек, сиёсий тизимимизни янада шаффофлаштиришга ва демократлаштиришга интилишимиз зарур. Дарвоқе, Конституциянинг яқинда қабул қилинган янги таҳрири ҳам ана шу муаммони ҳал этишга қаратилган.
Менимча, жамият ижтимоий-сиёсий жиҳатдан лоқайд бўлмасдан, янги ислоҳотларга нисбатан ўз позициясини аниқ белгилаб олсагина, бу муаммоларни самарали ҳал этиш мумкин. Зеро, фалсафа классиклари таъкидлаганидек, «ғоялар кенг омма томонидан ўзлаштирилсагина, амалга ошади».
Бу – бутун халқ давлатимиз раҳбари атрофида жипслашиши ва бирлаштириши зарурлигини англатади. Шундагина умумий саъй-ҳаракатлар билан иқтисодий юксалиш ва ижтимоий тараққиётни биргаликда таъминлай оламиз.
Бугун Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни тараққиёт йўлидан дадил олиб бормоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиёдаги қўшниларни умумий фаровонлик йўлида бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Зеро, у минтақа барча халқларнинг умумий уйи эканини чуқур англайди. Марказий Осиё келажаги ва юксалиши учун ҳамжиҳатлик зарур.
Энди ўзингиз айтинг, буюк жадидчи боболаримиз бундан 100 йил аввал орзу қилган ниятлари айнан шу эмасмиди, шу эмасмидики, миллатпарвар ва ватанпарвар ойдинларимизни сиёсий саҳнага олиб чиққан улуғ ҒОЯ?!
Бугун ўша муборак орзу яна кун тартибига чиқарилди. Муҳими, эндиликда бу ўлканинг уни амалга оширишга жасорати етадиган, буни жон-жонидан истайдиган, керак бўлса, борлиғини тикадиган ёвқур ўғлонлари бор.
Биз уни кўриб турибмиз!
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос