Инсон қандай фикрлайди, қандай ҳаракат қилади ва бошқалар билан қандай муносабатда бўлади? Ушбу саволлар қадимдан психология фанининг марказида бўлиб келган. Шахсият типларини аниқлаш орқали инсоннинг ўзини англаш даражаси ортади, жамиятдаги ўрнини аниқлаш осонлашади. Асрлар давомида инсон шахсияти икки асосий турга бўлиб ўрганиб келинди – экстроверт ва интроверт. Бироқ сўнгги ўн йилликлар давомида бу иккилик таснифга жавоб бермайдиган, ўзига хос учинчи тип – амбиверт шахсияти ҳам илмий доираларда алоҳида мавқега эга бўла бошлади.

Кўпчиликка маълумки, экстровертлар табиатан очиқ ва мулоқотга тез киришувчи кишилар ҳисобланади. Улар учун энергия манбаи асосан ташқи муҳит, яъни одамлар, воқеалар, фаолликдир. Экстровертлар тез фикрлаш ва қарор қабул қилиш, ҳиссиётларини очиқ ифода этиш хусусиятига эга. Улар ҳаракатчан, ташаббускор ва кўпчилик орасида ўзини эркин ҳис қилишади. Бундай шахсият эгалари лидерлик, савдо, таълим, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда муваффақият қозонишади.

Интровертлар эса ўзининг ички оламига чуқур шўнғувчи шахслардир. Улар кўпроқ ёлғизликни ва тинч ҳаётни афзал кўришади. Мулоқотда эҳтиёткор, танланган суҳбатдошлар билан чуқур алоқани ёқлайдилар. Интровертлар ҳиссиётларини яширишга мойил. Бундай инсонлар кўпроқ ёзувчилик, илмий изланиш, дизайн, таҳлилий касбларда муваффақиятга эришади.

Амбиверт тип инсонлар эса юқоридаги икки олам ўртасида жойлашган. Замонавий психологияда ўрганилаётган энг муҳим тушунчалардан бири – амбивертлик. Амбиверт – бу экстроверт ва интроверт белгиларини ўзида уйғун сақловчи, ҳолатларга қараб ўзини мослаштира оладиган шахсият туридир. Улар ташқи ва ички муҳитдан бирдек энергия олади. Мулоқотдан завқ олади. Лекин ҳаддан зиёд шовқиндан чарчайди. Ёлғизликни қадрлайди ва шу билан бирга, жамият билан алоқаларни ҳам унутиб қўймайди. Суҳбатдошга қараб очилади ёки тортинади. Қарор қабул қилишда ҳиссиёт ҳам, фикр ҳам мувозанатда бўлади. Шунингдек, амбивертлар стрессни бошқариш, жамоада ишлаш ва етакчиликда самаралироқ бўлиши аниқланган. Бу шуни кўрсатадики, замонавий жамиятда мутлақ экстровертлик ёки интровертлик етарли эмас, мослашувчанлик – муваффақият гарови.

Ҳозирги ижтимоий-иқтисодий муҳит – тезкор, шовқинли ва ўзгарувчан. Ҳар куни одамлар ўнлаб шахслар билан мулоқотда бўлади. Лекин, шу билан бирга ички мувозанатга ҳам муҳтож. Ана шундай вазиятда амбивертлар қуйидаги сабабларга кўра устунлик қилади: ҳар қандай жамоага сингиб кета олади ва ташқи босимга берилмасдан, ички сезги билан тўғри йўл танлайди. Амбиверт турдаги инсонлар ҳар бир инсон билан ўзига хос тарзда алоқа ўрната олади.

Умуман олганда, шахсий типларни бир-бирига тўлақонли қарама-қарши эмас, балки тўлдирувчи деб тушунишимиз мумкин. Кўпинча инсонлар ўзини фақат битта типга мансуб деб ҳисоблайди. Бироқ замонавий психологик ёндашувлар шуни кўрсатадики, шахсиятлар доимий ва қатъий қолипларда эмас. Инсон ўзини тарбиялаш, тажриба орттириш ва ҳаётий муҳит таъсирида ўз шахсият хусусиятларини ўзгартириши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, амбивертлик – бу шунчаки учинчи тип эмас, психологик юксалиш босқичи, яъни мувозанатли, онгли ва мослаша оладиган шахсият даражасидир.

Экстроверт, интроверт ва амбиверт – бу инсон шахсиятининг табиий кўринишлари. Ҳар бирининг ўзига хос устун ва заиф томонлари мавжуд. Аммо бугунги ўзгарувчан даврда, ҳар хил муҳит ва вазиятларга мослашиш – асосий психологик кўникма бўлиб бормоқда. Шунинг учун амбивертлик нафақат шахсий устунлик, балки ижтимоий муваффақият гарови бўлиб хизмат қилади. 

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахсиятнинг уч йўли