Шахматга панжа орасидан боқманг
Мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга бўлган ёшларни саралаш ва уларни профессионал шахматчи ва халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, тренерлар учун муносиб меҳнат шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2021 йил 14 январда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Шахматни янада ривожланиш ва оммалаштириш ҳамда шахматчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.

Бу айниқса, 2026 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид зарур чора-тадбирларни амалга ошириш имконини берди.
Бугунги кунда Наманган вилояти бўйича спортнинг шахмат тури билан шуғулланувчилар умумий сони 1 минг 161 нафарни ташкил этади. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан шахматни бошланғич бепул, тез ва осон ўргатишга қаратилган “UzChess” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган видеодарсликлар орқали бугунги кунда вилоятдаги 6 минг 675 нафардан зиёд ҳамюртимиз ақлий салоҳиятини тобламоқда.
Вилоятда спортнинг шахмат тури бўйича жами 20 та клуб ташкил этилган бўлиб, улар Наманган шаҳридаги Ёшлар маркази биносида, ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари ҳамда спорт мактабларида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу клубларда биринчи тоифали 16, иккинчи тоифали 25, учинчи тоифали 30 нафар спортчи шуғулланмоқда. Уларга 21 нафар мураббий (шу жумладан 11 нафари аёл) устозлик қилиб келмоқда.

Вилоятда “FIDE” тоифасидаги Жаҳонгир Раҳимов, Орифжон Зокиров, Ҳошимжон Эргашев, Шуҳрат Маҳмудов, Шуҳрат Муҳаммаджонов, Аҳадбек Юнусов каби спорт усталигига номзодлар мавжуд. Республика чемпионатида фахрли учинчи ўринни эгаллаган Нигина Каримжонова эса шахмат бўйича Ўзбекистон қизлар терма жамоаси таркибига киритилган.
Эришилган натижаларга назар ташлайдиган бўлсак, биргина ўтган 2023 йили пара-шахмат бўйича ўқувчилар ўртасида мамлакат чемпионатида 15 та медаль (3 та кумуш ва 12 та бронза), жорий йилнинг ўтган даврида эса катталар ўртасидаги биринчиликда учта медаль (иккита олтин, битта кумуш) қўлга киритилди.

Вилоятда шахматнинг асосий манзилгоҳи ҳисобланган Наманган шаҳар Ёшлар марказида фаолият юритиб келаётган шахмат клуби учун мебель жиҳозлари, телефон, мини штатив, шахмат доскаси ва шахмат соатлари, ваучерлар олиб берилди. Ўтган йили мунтазам равишда ҳафтанинг ҳар шанба куни вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси тарафидан соврин жамғармаси 5 миллион сўмга тенг “Рокировка” турнирлари ўтказилиб, уларда 3 минг 345 нафар ўғил-қиз қамраб олинди. Ғолибликни қўлга киритган шахматчилар мукофот тариқасида жами 205 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилди. Бундан ташқари, республикамиз миқёсида беш босқичда ўтказилган шахмат бўйича “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги” мусобақасида 11 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда шахматнинг ривожини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. “Ақл-идрок” ўйинини оммалаштиришга бевосита масъул саналган вилоят шахмат федерацияси замонавий оргтехника, интернет алоқа тармоғи билан таъминланмаганлиги, моддий техника базасига эга эмаслиги, масъуллар жамоатчилик асосида фаолият юритаётгани, доимий равишда федерация иш фаолиятини ва мусобақаларни ташкиллаштириш ҳамда ўтказиш бўйича менежернинг мавжуд эмаслиги соҳа ривожига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари вилоят биринчилиги мусобақаларида айрим ҳудудлар вакилларининг иштирок этмаслигининг (масалан, Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Учқўрғон ва Янги Наманган туманлари) сабаби, улардаги спорт мактабларида шахматга эътибор сустлиги, мураббийларнинг етишмаслиги ва спорт клубларининг моддий-техник таъминоти ачинарли ҳолатдалиги. Бунинг оқибатида, мусобақаларда биринчи ва иккинчи ўринни олган шахматчилар республика чемпионатида қуйи ўринлар билан чегараланиб қолмоқда.
Бинобарин, вилоятда тўққизта умумтаълим мактаби шахматга ихтисослаштирилган бўлиб, 2018 йилнинг ўзидаёқ халқаро стандартларга жавоб берадиган даражада жиҳозланган эди. Наманган шаҳридаги 48-, Наманган туманидаги 19-, Поп туманидаги 32-, Тўрақўрғон туманидаги 39-, Уйчи туманидаги 6-, Учқўрғон туманидаги 12-, Чортоқ туманидаги 40-, Чуст туманидаги 49- ва Янгиқўрғон туманидаги 57-сонли умумтаълим мактаблари ана шулар жумласидандир. Натижа эса...
– Ўтган давр мобайнида ушбу ихтисослашган мактабларда шахмат спорт анжомлари қониқарли ҳолатда сақланмаган, – дейди Наманган вилояти шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган Маҳкамбой Нурматов. – Шахмат ва шахмат соатлари бус-бутунлиги учун масъул ходимлар бугунги кунда нафақага чиқиб кетганлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан ҳар йили инвентаризация ўтказилмасдан келиниши сабабли аксарият мактабларда шахмат доналари йўқотиб юборилган ёки шахмат соатлари бузилиб қолган. Шунингдек, ихтисослашган мактабларда шахмат ўйнашни билмайдиган жисмоний тарбия ўқитувчилари масъул этиб тайинланган.
Ўз ечимини кутаётган ушбу долзарб муаммолар яқинда бўлиб ўтган Наманган вилояти шахмат федерациясининг навбатдан ташқари йиғилишида федерациянинг янги раиси этиб сайланган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов томонидан танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Вилоятда шахмат турини ривожлантириш, иқтидорли шахматчиларни танлаб олиш, республика ва халқаро мусобақаларда спортчиларнинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.
Энг аввало, вилоят шахмат федерациясида мунтазам тарзда иш фаолиятини ва мусобақаларни ташкиллаштириш юзасидан ҳақ тўланадиган менежер штатини очиш зарурлиги қайд қилинди. Вилоят спорт ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари билан ҳамкорликда шахматга ихтисослаштирилган мактаблардаги спорт инвентарларини хатловдан ўтказиш лозимлиги уқтирилди.
Шахмат бўйича умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва ҳаваскорлар ўртасида мусобақалар ўтказиш ҳамда мураббийликка иқтидори мавжуд мутахассисларни саралаб олиш, уларни малакасини ошириш – иштирокчилар орасидан етарли малакага эга бўлганларни саралаш, уларга тегишли тартибда тоифалар бериб, мураббийликка жалб этишда муҳим ўрин тутади.
Вилоятида шахмат спорт тури бўйича олий маълумотли мутахассислар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, Наманган давлат университети ва Наманган педагогика институтида спорт факультети қошида шахмат йўналишларини очиш келгусида ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Қолаверса, спорт мактабларидаги шахмат мураббийларини федерация орқали малакасини ошириш, Ўзбекистон шахмат федерациясига вилоятдан аъзо бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш борасида вазифалар белгилангани келгусида вилоятда шахмат спорт турининг ривожига ижобий таъсир этиши муқаррар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири