Шахматчимиз "Oskemen Open 2024"да совриндор бўлди
Қозоғистоннинг Уст-Каменогорск шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган "Oskemen Open 2024" халқаро турнирида ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов 3-ўринни эгаллади.
"Oskemen Open 2024" халқаро турнирининг "Masters" гуруҳида 20 нафар гроссмейстер, 29 нафар халқаро мастерлар иштирок этди.
Ўнта турдан иборат мусобақа якунида Жаҳонгир Воҳидов 10 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичларга кўра, 3-ўринни эгаллади. Гроссмейстеримиз бронза медали билан бирга 5 200 АҚШ доллар миқдоридаги пул мукофотини ҳам қўлга киритди. У сўнгги турда оқ доналарда россиялик Дмитрий Бочаровни таслим этди.

"Masters" турнири ғолиблиги 8 очко тўплаган украиналик Виталий Бернардскийга насиб этди. Жаҳонгир сингари 7,5 очко жамғарган Бай Цзиньши иккинчи ўринни эгаллади.
Ушбу турнирда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Муҳиддин Мадаминов 6,5, Муҳаммадзоҳид Суяров ва Азамат Дауримбетов 5, Баҳром Баҳриллаев эса 4,5 очкони қўлга киритди.
Т.Рўзиев, ЎзА