Шу кунларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шахмат бўйича ўтказилаётган “Qonaev CUP-2025” халқаро турнирида 19 давлатнинг 260 нафардан зиёд шахматчилари қаторида 5 нафар шахматчимиз ҳам ғолиблик йўлида кураш олиб бормоқда.
Мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат турнир “Masters”, “Challengers” ва “Open” гуруҳларида ташкил этилмоқда.

“Masters” гуруҳида 62 нафар шахматчи қаторида умидли ёшларимиз Ҳумоюн Бекмуродов ва Муҳаммадзоҳид Суяров дона сураётган бўлса, “Challengers” гуруҳида 83 нафар қатнашчи орасида ҳамюртларимиз Алексей Барсов, Азамат Дауримбетов ва Миразиз Матёқубов рақобатга киришган.
Кеча халқаро турнирнинг ўтказилган 1-тур ўйинларида шахматчиларимиздан Ҳумоюн Бекмуродов ва Муҳаммадзоҳид Суяров “Masters” гуруҳида дурангга эришган бўлса, “Challengers” гуруҳидаги барча вакилларимиз ғолибликни тантана қилди.

Бугун, 6 август куни “Qonaev CUP-2025”нинг 2-тур ўйинларида Ҳумоюн Бекмуродов қозоғистонлик Ергали Сулейман билан, Муҳаммадзоҳид Суяров яна бир қозоғистонлик Аяулим Калдарова билан куч синашади.
“Challengers” гуруҳининг дастлабки тур ўйинида омади чопган Алексей Барсов қора доналарда қозоғистонлик Исабек Таникинни синовдан ўтказса, Азамат Дауримбетов Шингис Боран, Миразиз Матёқубов эса Ризат Улан қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Мусобақалар 12 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА