Шахмат: Осиё чемпионатининг илк тури ортда қолди
Бугун, 8 май куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча ўтказилган 1-тур баҳсларида Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи шахматчиларидан Нодирбек Ёқуббоев эркаклар ўртасида, Гулруҳбегим Тоҳиржонова аёллар мусобақасида рақиблари билан муроса йўлини танлади.

Эркаклар баҳсида Шамсиддин Воҳидов, Ҳумоюн Бекмуратов, Муҳаммадзоҳид Суяров, аёллар мусобақасида Афрўза Ҳамдамова, Мадинабону Халилова ғолибликка эришди.
Бугун ўтадиган 2-тур ўйинларида Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда россиялик Лев Зверев билан, Ҳумоюн Бекмуратов қора доналарда ҳиндистонлик Суря Шекар билан куч синашади.

Аёллар мусобақасининг 2-турида Гулруҳбегим Тоҳиржонова қора доналарда филиппинлик, Мадинабону Халилова оқ доналарда россиялик, Афрўза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик шахматчи билан рўбарў келади.
Қитъанинг 34 та мамлакатидан 260 нафардан зиёд маҳоратли шахматчилар иштирок этаётган чемпионатнинг эркаклар баҳсида 12 нафар, аёллар мусобақасида 15 нафар шахматчимиз ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.
Айтиш лозим, мазкур қитъа биринчилиги 2025 йилнинг 5-29 июль кунлари Грузиянинг Ботуми шаҳрида аёллар ўртасида ҳамда 31 октябрь-27 ноябрь кунлари Ҳиндистонда эркаклар ўртасида ўтадиган жаҳон кубогига саралаш вазифасини ўтайди. Чемпионатда энг яхши натижа қайд этган 10 нафар эркак ва 2 нафар аёл шахматчи жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритади.
Умумий мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат чемпионат мусобақалари 16 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА