Испаниянинг Барселона провинцияси Кастелдефелс шаҳрида шахмат бўйича “El Llobregat” халқаро турнирида 30 дан ортиқ мамлакатнинг 150 нафар маҳоратли шахматчилари қатори Ўзбекистоннинг истеъдодли халқаро гроссмейстери Нодирбек Абдусатторов ҳам ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Муросасиз ва шиддатли ўтган халқаро турнирнинг 6-туридан кейин Нодирбек пешқадамлардан ярим очкога ортда қолаётган эди. Шундай қалтис вазиятда ўз ирода ва салоҳиятини намойиш қилган шахматчимиз 7-8-турларда ишончли ҳаракат қилди.
Аввалига, у қора доналарда нидерландиялик Томас Бердсен устидан ғалаба қозонди. 8-турда эса оқ доналарда озарбайжонлик Элтаж Сафарлини мағлуб этди. Сўнгги турда испаниялик Сантос Латаса билан дуранг ўйнади ва халқаро турнирда 9 имкониятдан 7 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА