Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат “Aktobe Open-2024” турнирида дунёнинг кўзга кўринган гроссмейстерлари қаторида маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Мусобақанинг 7-турида Нодирбек Ёқуббоев австриялик Валентин Байдецкий билан Суяров мезбонлар вакили Ергали Сулеймен билан очколарни бўлишиб олишди. Муҳиддин Мадаминов эса қозоғистонлик Ораш Шоназаровга қарши баҳсда иштирок этмай мусобақани эрта якунлади.
8-тур олдидан турнир жадвалида етакчилик қилиб келган Абҳижит Гуптани мағлуб этган эронлик Парҳам Мақсудлу 6 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. Кейинги ўринларда бораётган Алексей Сарана, (Сербия), Шант Саргсян (Арманистон), Александр Предке (Сербия), Пураник Абҳиманю (Ҳиндистон) 5,5 очко жамғаришган. 5 очкога эга Нодирбек Ёқуббоев қўшимча кўрсаткичларга кўра, 9-қаторда бормоқда.
Aktobe Open-2024 нинг 8-турида Нодирбек Ёқуббоев беларуслик Михаил Никитенкога қарши кечадиган баҳсда иштирок этади. Муҳаммадзоҳид Суяров эса ушбу турда қозоғистонлик шахматчи Сауат Нургалиев билан куч синашади.
Т. Рўзиев, ЎзА