Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Сурхондарё вилояти бўйича ишончли вакили Абдулҳаким Эшмуратов очди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилган халқчил ислоҳотлар натижалари Сурхондарё вилоятида ҳам яққол кўзга ташланаётгани, вилоят аҳолисининг турмуш даражаси ошгани ва бунинг эвазига одамларда эртанги кунига ишонч пайдо бўлганлиги қайд этилди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Номзод келгуси етти йилда вилоятда таълимни ривожлантиришга оид режалари ҳақида тўхталди.
Хусусан,Сурхондарё вилоятида мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж 100 фоиз қопланади. Бунинг учун 2 мингта янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади (ҳозирда 60 фоиз).
Замонавий мактаблар барпо этиш, уларнинг қувватини ошириш, хусусий секторга шароит яратиш ҳисобига 2030 йилга қадар қўшимча 100 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилади.
Шу билан бирга, вилоятдаги барча мактаблар замонавий компьютер синфлари ва интерактив доскалар билан жиҳозланади.
Сайловолди дастурида Сурхондарё вилояти аҳолиси турмуш шароитини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
– Келгуси етти йилда вилоятда 1,5 мингта кўп қаватли уйларда 50 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. Бунга барча манбалар ҳисобидан 1 миллиард доллар йўналтирамиз.
Мисол учун, Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 300 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши натижасида, 12 мингта оила уй-жой билан таъминланади.
Вилоятда 2030 йилгача 4 минг километр ички йўллар таъмирланади ҳамда 35 та кўприклар янгидан қурилади, – деди номзод.
Шавкат Мирзиёев вилоятда сув таъминотини яхшилашга оид режалари ҳақида ҳам маълумот берди.
– Германиянинг “КФВ” банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар сармоя ҳисобига Термиз шаҳрида оқова сув тизими таъмирланади. Саудия тараққиёт жамғармаси ёрдамида Сариосиё, Денов ва Жарқўрғонда оқова сув тизимлари қурилади.
Хабарингиз бор, “Тўпаланг” сув омборидан Сурхондарё аҳолиси учун ичимлик сувини олиб келиш бўйича катта лойиҳани бошладик. Бу лойиҳа кейинги йилда тўлиқ якунланади. Натижада, ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 90 фоизга етказилади. Умуман, вилоятдаги ичимлик ва оқова суви лойиҳаларига 460 миллион доллар ажратилади, – деди номзод.
Учрашувда ҳарбийлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилиши маълум қилинди.
Бунинг учун:
– шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар маоши 2030 йилга қадар яна икки карра оширилади;
– йил якунигача ҳарбийларимиз учун 2 мингдан ортиқ, келгуси етти йилда эса, яна 20 мингта уй-жой қуриб берилади;
– 15 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун уй-жойга дастлабки бадалнинг 50 фоизини давлат ажратади;
– боқувчисини йўқотган, ногирон бўлиб қолган ҳарбийларнинг кредит қарздорлиги эса бюджетдан қопланади;
– пенсиядаги ҳарбийларнинг фарзандларига алоҳида квота доирасида олийгоҳга кириш учун имтиёзлар берилади;
– оғир касалликка чалинган ҳарбийларнинг чет элда даволанишига алоҳида маблағлар ажратилади.
Шавкат Мирзиёев ўзбек тили ва адабиёти фанидан юқори балл олган ёшларга имтиҳон харажатларини қоплаб бериш кераклигини таъкидлади.
– Ҳозирги вақтда чет тиллари бўйича халқаро имтиҳонларда юқори балл олган ёшларга имтиҳон харажатлари қоплаб берилмоқда.Ўзбек тили ва адабиёти фани учун ҳам мана шундай тартибни жорий этишни таклиф қиламан. Шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари учун 50 фоизли устама жорий қилсак, адолатдан бўлади (ҳозир – 20 фоиз), – деди номзод.
Учрашувда яна бир муҳим ташаббус, Ҳажга борадиган зиёратчилар учун ягона онлайн, очиқ-ошкора навбат тизими жорий қилиниши маълум қилинди.
– Барча вилоятларда Ҳаж марказлари ташкил этилади. 2030 йилга қадар ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар сони босқичма-босқич йилига 24 минг нафарга етказилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тошкент ислом институтида 2024 йилдан магистратура, 2025 йилдан докторантура йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши айтилди.
– Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Қатардаги Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо бўлганлари, барчамизга мамнуният бағишлайди. Бу ҳам ўтган даврда диний-маърифий соҳада олиб борган ислоҳотларимизнинг халқаро эътирофи, халқимизнинг Ислом дини ривожига қўшаётган ҳиссасига берилган яна бир юксак баҳо, десак тўғри бўлади.
Юртимизда ислом оламининг етук уламолари иштирокида ҳар икки йилда Халқаро ислом илмий-амалий конференциясини ўтказиб борсак, нима дейсизлар, – деди номзод.
Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
ЎзА