Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги брифингда маълум қилди.
– Афғонистонда вужудга келаётган вазиятни ҳисобга олиб, хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган хатарлар бўйича яқин хориждаги ҳамкор мамлакатлар ва минтақадаги қўшнилар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан чуқур танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этади, – деди Шерзод Асадов.
Шунингдек, брифингда жорий ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтадиган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Унга кўра, бу ҳафта Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти, экологик ҳолатни яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича йиғилиш, спорт таълимини такомиллаштириш, олимпия захирасини яратиш юзасидан видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган.
Жума куни хорижий мамлакатларнинг янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА