Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига пресс-тур уюштирилди. Тадбирда журналист ва ёш тадқиқотчиларга институт фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Пресс-тур иштирокчилари қўлёзмалар фондининг реставрация лабораторияси иш жараёни билан танишиб, ходимлар билан суҳбатлашди.
Институтдаги қўлёзмалар мажмуасидаги асарлар ўзбек, араб, форс, тожик, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқа тилларда ёзилган. Мазкур асарлар ўрта аср ва ундан кейинги даврлар фанининг турли тармоқларига, яъни тарих, адабиёт, фалсафа, ҳуқуқ, фалаккиёт, кимё, табобат, жуғрофия, доришунослик, тил, мусиқа, математика, маъданшунослик ва бошқа соҳаларга оид. Ҳозирги вақтда қўлёзмалар хазинасида 26 минг жилдга яқин қўлёзма сақланмоқда. Уларнинг кўпчилигида бир қанча асарлар жамланган. Тошбосма ва нашр этилган китобларнинг умумий сони 40 мингга яқин жилдни ташкил этади. Улар Ўрта Осиё, шунингдек, Шарқ мамлакатлари – араб давлатлари, Афғонистон, Покистон, Туркия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон тарихини ўрганишда ўта муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, институтнинг қўлёзмалар хазинасида 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлар, фондда минг йиллик тарихни қамраб олувчи тарихий ҳужжатлар ҳам сақланади. Улардан энг қадимийси Х асрга ва энг янгилари ХХ аср бошларига тўғри келади. Бухоро, Хива, Қўқон хонликларига оид архив ҳужжатлари уларнинг асосий қисмини ташкил этади. Бу ҳужжатларни ўрганиш ва нашр этиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
1952 йилдан бошлаб институт хазинасида сақланаётган қўлёзмалар фиҳристинини нашр этиш ишлари йўлга қўйилди. Бугунги кунга келиб «Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари тўплами» номли фиҳристнинг 11 жилди ва тарих, табобат, табиий фанлар, тасаввуфга оид ҳамда «Шарқ миниатюралари» каталоглари ҳам нашр этилди. Қўлёзмаларни каталоглаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
2000 йилда институтнинг қўлёзмалар хазинаси дунёдаги энг бой қўлёзмалар мажмуаси сифатида ЮНЕСКО Маданий мерос рўйхатига киритилган.
- Авваллари ходимларни ишга олишда тил билишига катта аҳамият қаратилмасди, -дейди институт Қўлёзмалар фонди раҳбари Шарифжон Исломов. - Ҳозир талаблар кучайган. Бироқ уларни моддий томондан қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмаяпмиз. Шунга мувофиқ кадрларга эҳтиёж катта. Соҳанинг жозибадорлигини оширишга, ёшларни жалб қилишга катта эътибор қилинмаяпти. Қўлёзмалар билан ишлайдиган, манбаларни тиклашга астойдил қизиқиши бўлган ёшларгина келади. Чунки маош қониқарли эмас.
Малумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида микрофильмлаштириш ва сканерлаш бўлими фаолияти 2007 йилда йўлга қўйилган. Унга қадар ноёб манбаларнинг фақат микрофильм нусхаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тизими мавжуд бўлган. Мазкур бўлимга 2007 йилдан Герда Хенкел лойиҳаси доирасида Германияда ишлаб чиқарилган махсус сканер сотиб олинган. 2018 йил Ўмон султонлиги маблағи ҳисобига қурилган институт янги биносида бўлим замонавий сканер қурилмалари билан таъминланган. Бўлимда 4 мутахассис фаолият олиб боради.
Д. Маматова, ЎзА