Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Шарқ алломаларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) раҳбари, доктор Салим ал-Малик, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) раҳбари, профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наурызбай хожи Таганули, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиев, Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов ўзларининг табрик сўзлари билан иштирок этди.
– Марказий Осиё халқлари маданияти кўҳна ва бой тарихга эга. Буни энг аввало, ушбу заминда эрамиздан аввалги даврлардаёқ қадимги бақтрия, сўғд, ўрхун, хоразм ёзувлари ихтиро қилингани исботлайди, – дейилади Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловнинг табригида. – Милоддан аввалги II асрдан милодий XV асрга қадар Буюк Ипак йўлининг айнан Марказий Осиёнинг бир неча шаҳарларидан ўтгани эса, ушбу юртда нафақат савдо-сотиқ, балки илм-фан ва маданият тараққий этишига замин ҳозирлади. Тинч-тотувлик муҳити ҳамда цивилизациялараро дўстона мулоқот эса илк давлатчиликнинг қарор топиши ва тараққий этишига ҳам шароит яратган.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган халқимизнинг маънавий-маърифий баркамоллигини намоён қилиши билан бир қаторда, Учинчи Ренессанс даврига пойдевор илм-маърифат масканлари бўлиши, шубҳасиз.
– Шарқ қадим цивилизация чорраҳаси бўлибгина қолмай, илм-фан, санъат, адабиёт намуналарининг асоси ва бешиги бўлиб, қадимги ва замонавий оламнинг маданий хилма-хиллиги билан ажралиб туради, – деди Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) раҳбари, доктор Салим ал-Малик. – Ислом тарихида цивилизация марказлари кўп бўлган. Бунинг натижасида ушбу заминлардан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқди. Мисол учун, астрономияда Абу Райҳон Беруний, тиббиётда Абу Али ибн Сино, фалсафада Абу Наср Форобий, математикада ал-Хоразмий ва шунингдек, ҳадис, фиқҳ, шариат илмлари бўйича уламолар камол топди. Илм-фаннинг ривожланиши ўрта асрлардаги Уйғониш даври асоси бўлди. Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган бу зотлар ҳақида ҳар қанча гапирсак, ҳам оз.
– Ушбу конференция долзарблиги билан аҳамиятлидир, – деди Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) раҳбари, профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич. – Ислом цивилизациясининг олтин асрида Шарқ цивилизациясининг асосий босқичини ташкил этди.
Ислом динининг маънавий тафаккур, ақлий салоҳият ва эмпирик кузатиш ҳақидаги таълимотларидан илҳомланган улуғ алломаларимиз туфайли бир неча асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ярим шарларида ислом илмий фаолияти гуллаб-яшнади. Исломнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси туфайли Шарқ бир неча асрлар давомида тараққиётнинг ўзаги бўлиб келган. Бугун ҳам унинг нури умумбашарий маданий ва илмий мерос сифатида кенг нур сочмоқда.
Илм-фан биринчи марта Месопотамия, Миср, Хитой, Ҳиндистон, қадимги Юнонистон ва Римда ривожланган. Ислом дини пайдо бўлгач, Шарқ яна етакчиликни қўлга олди. Математика ва табиий фанлар, шунингдек, фалсафа ва адабиётда сон-саноқсиз асарлар яратилди. Илмий ва замонавий цивилизацияларнинг тегишли фанлари таржима ва шарҳлар орқали тадқиқотларга киритилди.
Айни пайтда ислом оламидаги йирик илмий тадқиқот марказларида илғор талабалар томонидан кенг кўламли илмий изланишлар олиб борилаётгани эътиборлидир. Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фаолият бошлаган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари бу борадаги изланишларни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.
– Илм-фан – инсон камолотига пойдевор, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев. – Зеро, қадим Шарқда таълим ва тарбия ҳеч вақт айро ёки бири иккинчисидан устун баҳоланмаган. Бу эса дунё тамаддунига тамал тошларини қўйган Имом Бухорию Ал-Хоразмийлар, Имом Насафийлару Ал-Фарғонийлар каби не-не довруғи дунёга достон улуғ қомусий алломалар бебаҳо меросида ҳам намоён.

– Шарқ заминида камол топган минглаб олимлар ва мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшганлари маълуму машҳурдир, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров. – Алломаларнинг илм-фанга бахшида этган умри, эришган ютуқлари ва кашифиётлари ҳозир ҳам инсониятни ҳайратга солмоқда. Мисол учун, Хоразм диёридан олис Арабистонга бориб, араб тили грамматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққан Маҳмуд Замаҳшарийни эсга олайлик. Ўзининг жисмоний ногиронлигига қарамасдан, дунёнинг кўплаб мамлакатларига сафарлар қилган, чуқур билими ва илмий салоҳияти билан ҳаммани лол қолдирган.
Сўнгги йилларда Шарқ алломалари илмий мероси чуқур ўрганилмоқда. Мутафаккирларнинг илмий асарлари ўсиб келаётган авлод учун билим ва тарбия манбаи бўлиши билан бирга янги кашфиётларга етаклайди.
Халқаро конференция “Шарқ алломалари меросида ислом илмларининг ўрганилиши”, “Мовароуннаҳрда, ижтимоий, табиий ва аниқ фанлар ривожи”, “Мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани тараққиётига таъсири” ҳамда “Мусулмон алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” каби шўъба йиғилишларида давом этди.
Тадбир сўнггида анжуманда маъруза билан иштирок этган мутахассисларга сертификатлар топширилди. Долзарб илмий мавзулар асосида якуний хулоса ва тавсиялар қабул қилинди.
Н.Усмонова,
ЎзА