Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети...

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори халқимизни, зиёлиларимиз, кўп минг сонли университетимиз жамоасини тўлқинлантириб юборди.
Самарқанд давлат университети ўзининг бой тарихи, бутун дунёда тан олинган илмий мактаби, мазкур даргоҳда ўқиган, фаолият кўрсатган, жаҳонда эътироф этилган буюк алломалари билан ҳақли равишда фахрланади.
Кўҳна дорилфунунда таҳсил олган, ишлаган, замонавий олий ўқув даргоҳи тамал тошини қўйишда иштирок этган  Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Мусо Мўминов, Иброҳим Мўминов, Воҳид Абдуллаев, Ёрқин Тўрақулов, Акбар Отахўжаев, Толиб Мўминов, Шавкат Алимов, Мавлон Жўрақулов, Ботирхон Валихўжаев... номи Ўзбекистон таълими тараққиёти, ривожига беқиёс ҳисса қўшган, илм-фани, маданияти, адабиёти, маърифати, маънавияти тарихидан муносиб ўрин эгаллаган.
Ўзбек халқининг севимли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби, адиб ва маърифатпарвар Шароф Рашидов 1937-1941 йиллари Самарқанд давлат университетида таълим олган. У бир умр СамДУ да ўқиганидан фахрланган. Мамлакат миқёсида  биринчи раҳбар лавозимида ишлашига қарамасдан, ҳеч қачон ўзи таҳсил олган жойни унутмаган. Ушбу улуғ даргоҳдан меҳри, муҳаббати, эътиборини аямаган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифи, ташаббуси билан Самарқанд давлат университетига Шароф Рашидовнинг номи берилиши бу тарихий адолатнинг қарор топишидир. Шароф Рашидов халқимиз қалбидан муносиб ўрин олган, энг оғир йилларда республикамизни бошқарган буюк шахс. Унинг номи, хотираси халқимиз учун беҳад азиз.
Университетимиз олимлари, талабалари, бутун жамоатчилик вакиллари СамДУга Шароф Рашидов номи берилишини чексиз мамнуният билан кутиб олди.
Президент қарорида кўрсатиб ўтилган - Самарқанд давлат университети таркибида икки институт ва бир филиал - Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда Муҳандислик физикаси институтлари ҳамда Ургут филиали очилиши ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётимизда муҳим воқеадир.
Мазкур олий ўқув юртида физика, электроника, назарий ва амалий механика, биология, агробиотехнология каби соҳаларда шаклланган ва бугунги кунда ҳам самарали фаолият олиб бораётган ўнга яқин илмий мактаб негизида таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга йўналтирилган тузилмалар ташкил этилиши айни муддао.
СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти фаолият бошлаши, нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда ҳамиша долзарб ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамдир.
Мазкур институтда ўқув, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятига етакчи хорижий университетларнинг илғор аграр таълим технологиялари жорий қилинади. Қолаверса, таълим тизимининг тўғри ташкил этилиши ва келгусида барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида етук хорижий мутахассислар жалб этилади, уларнинг доимий фаолияти йўлга қўйилади.
Институт бугунги кун талаби, эҳтиёжидан келиб чиқиб мутахассис тайёрлайди, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга самарали татбиқ этади. Шу нуқтаи назардан, ушбу институт минтақамиз аграр соҳа салоҳиятини юзага чиқариш ва иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Бугун дунёнинг кўпгина минтақаларида озиқ-овқат етишмовчилиги мавджуд. Тинимсиз уруш, иқлим ўзгариши, табиий офат, қурғоқчилик муаммони янада чуқурлаштирмоқда. Аҳоли сони мутассил ошиши, одамлар эҳтиёжи ортиши масала долзарблигини янада оширади. Институт айни йўналишда ўз ўрнини топишига ишонаман.
СамДУнинг Муҳандислик физикаси институти ҳам мамлакат тараққиёти ва ривожи учун сув-ҳаводай зарур. Мажмуа муҳандислик, автоматика, мехатроника, робототехника, рақамли электроника, электротехника, машинасозлик, материалшунослик ва янги материаллар технологияси соҳаларига кадр тайёрлайди.

Муҳандислик соҳасида мутлақо янги йўналишларда амалий, илмий тадқиқотлар йўлга қўйилиши орқали кичик бизнес ва саноат учун инновацион мини технологиялар ишлаб чиқиш ҳамда натижадорликни ошириш мақсадида тескари (акс) инженерия тамойили асосида илмий ишланмаларни такомиллаштириш бўйича хорижий илғор тажриба амалиётга жорий этилади. 
Бирор аниқ фан ёки соҳа йўқ-ки, физикасиз ривожлана олса. Самарқанд давлат университети дунё илм-фанига буюк физикларни етказиб берган. Айни йўналишдаги илмий мактабнинг юқори мавқеини ҳар доим сақлаб келган СамДУнинг физика факультетини тамомлаганлар орасида академиклар, давлат мукофоти соҳиблари бисёр.
Ҳаёт, фан бир жойда тўхтаб турмаганидай, сайёрамизда муҳандислик физикаси жуда тез ривожланиб, тараққий этиб боряпти. Халқ хўжалигининг барча соҳалари ривожи физика билан чамбарчас боғлиқлигини ҳисобга олсак, Муҳандислик физикаси институти мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим, зарурат экани яққол англашилади.
Президентимизнинг олий таълимни халққа янада яқинлаштириш, миллатни маърифатли қилиш ғояси диққатга сазовор. Қисқа давр орасида, мамлакатимиз олий ўқув юртлари сони икки баробар ошди. Хусусан, 2021 йил Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон шаҳри филиали ташкил этилди, орадан бир йил ҳам вақт ўтмасдан Ургут филиалига асос солинди.
Ургут тумани бугун мамлакатимизнинг иқтисоди жадаллик билан ривожланиб бораётган минтақаси ҳисобланади. Тарихий воқеа сифатида бу заминда университет филиали очилиши илм-маърифат ва иқтисодиётнинг уйғунлашуви орқали тараққиётга хизмат қилади.
Самарқанд давлат университетини комплекс ривожлантириш дастури амалга оширилиши, мазкур олий ўқув юртининг 2026 йилга қадар халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотлари биринчи мингталик рўйхатидан жой олиши учун масъул бўлган Трансформация офиси ташкил этилади. 
Янги тузилмага фаолиятни рақамлаштириш ҳамда таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, университетни танитиш бўйича миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи ва бошқа манбалар орқали тарғибот тадбирлари ўтказиш вазифаси ҳам юклатилган.
Университет проректори даражасига тенглаштирилган ушбу бўлим раҳбари лавозимига етакчи хорижий олий таълим муассасасида раҳбарлик тажрибасига эга мутахассис жалб этилади.  Бу университетнинг академик нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Самарқанд давлат университетининг кенгайиши, моддий-техника базаси мустаҳкамланиши, халқаро алоқалари ривожланиши, жаҳон илм-фан ва таълим тизимига интеграциялашуви халқимиз тақдирида ғоят муҳим ўрин тутишига ишонаман. Айнан шу даргоҳда Янги Ўзбекистон бунёдкорлари камолга етади, таълим-тарбия олади.
Бугун СамДУ ўзининг иккинчи умрини яшамоқда, дунёга юз очмоқда. 160 дан зиёд ҳамкоримиз орасида дунёнинг энг нуфузли университетлари борлигини алоҳида қайд этиш ўринли.
Халқаро миқёсда эътироф этилган, тан олинган 70 яқин хорижлик олим университетимизда фаолият кўрсатмоқда. Улар сафида Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар ҳам борлиги барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди. Азиз Санжар 2021 йил “21 сентябрь - Самарқанд давлат университети куни”да иштирок этиб, Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Илм-фанга алоҳида эътибор қаратилиши, олимларнинг эъзозланиши тез орада самара бериши тайин. Ишончимиз комил, эртага институтлар университетларга айланиб, бир пайтлардагидек, бутун дунёдан илм толиблари, алломаи замонлар Самарқандга, ушбу қутлуғ даргоҳга интилади. 
Бугун Янги Ўзбекистоннинг пойдевори илм-маърифатдан бунёд этилмоқда. Демак, мустаҳкам иморат келажак авлодларга ҳам хизмат қилади.
Ўтаётган йиллар тарих саҳифасига Самарқанд давлат университетининг янгиланиш, ўзгариш, тараққий этиш даври бўлиб муҳрланади.
Илм асосига қурилган тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Илмга асосланган ривожланиш бир текис давом этади. Халқ ва давлат бой бўлиши мумкин, лекин тафаккури қашшоқ одамлар ҳар қанча бойликни бир кунда яксон қилишига тарих кўп бор гувоҳ бўлган. Илмсиз одам жоҳил, бузғунчи, ғазабкор, вайронкор бўлади.

Бизнинг йўлимиз - маърифат йўли.
Президент Шавкат Мирзиёев маърифатли жамият барпо этмоқда. Ўзбекистон маърифат орқали бутун дунёга эзгулик, тинчлик, тараққиёт улашмоқда...

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Шароф Рашидов номидаги 
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси.