Мисрда бугун тушдан кейин “Шарм-Ал-Шайх тинчлик саммити” бўлиб ўтади. Президент Абдулфаттоҳ Ас-Сисий ва АҚШ етакчиси Дональд Трамп раислик қиладиган тадбирда 20 дан зиёд давлат раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари иштирок этади.
Анжуманнинг асосий мақсади – Ғазо секторидаги урушни тугатиш, Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериш.
Ташкилотчилар таъкидлашича, мазкур ташаббус Президент Трампнинг минтақада тинчликка эришиш масаласига ёндашуви ва дунё миқёсида можароларни ҳал этиш йўлидаги узлуксиз саъй-ҳаракати асосида амалга оширилмоқда.
Исроил ва ҲАМАС Мисрга келмайди. Яҳудий давлати расмий вакили Шош Бедросян маълум қилишича, Ғазо бўйича келишув доирасида гаровдагиларни озод этиш жараёни бугун эрта тонг бошланган.
ҲАМАС сиёсий маҳкамаси аъзоси Муҳаммад Назар ҳаракат “тинчликдан кейинги давр” бўйича ўз қарашини музокара тиклангач эълон қилиши, секторда халқаро ҳокимият ёки “олий комиссар” тайинлаш ғояси эса рад этилишини билдирди.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА