Шарафли соҳага қизиқиш юксалмоқда
Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаб, резервга бўшатилган 600 нафардан зиёд муддатли ҳарбий хизматчи тантана билан уйларига кузатилди.
Бир йил мобайнида синовларда тобланган элимизнинг забардаст ўғлонлари уйларига ёруғ юз билан қайтиш арафасида ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Раҳматулло Раҳмонов билан учрашиб, суҳбат қилишди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг тантаналар залида самимий суҳбат тарзида ўтган учрашувда қўмондон бир йил муддат ичида маънан ва жисмонан улғайган ёшларга келажак учун керак бўладиган панд-насиҳатлар бериб, Ватан ҳимоячиси бўлиш каби масъулиятли вазифа ҳаммага ҳам насиб этмаслигини таъкидлади.
Бир йил катта муддат бўлмаса-да, қисқа фурсат йигитларни анча тоблади, мустақил бўлишга ундади. Уларнинг дунёқарашини кенгайтирди, жамоа бўлиб яшашга, дўст ва биродарлик ришталарини сақлашга, Ватанга хизмат қилишга, ота-онани қадрлашга ўргатди. Ҳа, армия бу ҳаёт мактаби.
“Ҳаёт мактаби”да тобланган ёшлар билан қўмондоннинг суҳбати самимий руҳда, эркин мулоқот ва юқори кайфиятда ўтди. Ҳарбий ҳаёт йўли бой тажрибадан иборат бўлган қўмондоннинг нутқи ибрат мактабини ўтаган ёшлар учун келажакда комил инсон бўлиб мамлакатимиз тараққиётига ўз улушини қўшишга чорлади. Шунингдек, халқ ва давлат манфаатлари йўлида ғайрат қилишга, ўқиб изланишларига, тараққиётимизга ҳисса қўшишларига, юксак марраларни забт этишларига ишонч билдирилди.
Суҳбат давомида қўмондон намунали хизмати, командирлар томонидан қўйилган вазифаларни бажаришдаги масъулияти, юртимизнинг энг олис бўлган Шимоли-ғарбий ҳудудларини ҳимоя қилиш йўлида юксак жанговар шайлиги учун аскарларга ўзининг миннатдорлигини изҳор этди. Қўшинларда олиб борилган жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида, шунингдек, спорт ва маданий тадбирларда фаол иштирок этгани учун уларга ҳарбий округ номидан раҳмат айтди. Тантанада 400 нафарга яқин муддатли ҳарбий хизматчига олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномалари топширилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилги кўрсаткичда жами 45 нафар йигит армия сафларида хизматни давом эттириш истагини билдирган бўлса, бу йилги мавсумда муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида келгуси ҳаётини ҳарбийлик билан чамбарчас боғлаб, келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни давом эттиришга истак билдирганлар сони 106 нафарга етди. Бу ҳам бўлса, ёшлар орасида ҳарбий касб нуфузи ортиб бораётганидан, шарафли соҳага қизиқиш юксалаётганидан далолатдир.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг санъаткорлари томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири