Шарафли касб, самарали меҳнат эътирофи
Юртимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллиги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида кенг нишонланмоқда.
Хусусан, “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида ҳам мустақиллигимизнинг 32 йиллиги ва “Нефт ва газ саноати ходимлари” куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Филиал директори Ўткир Файзиев барча тизимда бўлгани каби газ таъминотида ҳам яратилаётган имкониятлар, шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди. Тизим ходимларининг меҳнати, фаолиятини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, вилоят Нуронийлар кенгаши раиси С. Ҳусенов қатнашди. Соҳа вакилларининг шарафли касбидаги машаққати, масъулиятини тилга олди. Ҳар бир кунда ва ҳар дақиқада уларнинг ҳушёрлиги, тезкорлиги тўғрисида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ходимларнинг меҳнати, жамоадаги ўрни, шижоати, қадри борлиги, аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш шароитини ҳар қандай фаслда янада яхшилашга ўз ҳиссасини қўшиб келаётганлигини қайд этди.

Байрам дастурида тизимда 20 йилдан ортиқ меҳнат қилиб, нафақага чиқаётган бир гуруҳ фахрийлар газ таъминоти филиали, бошланғич касаба уюшмаси томонидан эътироф этилди. Бугунга қадар олиб борган меҳнат фаолияти шарафланди. Қувонарлиси, ҳар бирининг тизимдаги ўрни, шижоати, машаққати тилга олинди. Эришган натижаси ўрнак қилиб кўрсатилди.

Шунингдек, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳамда самарали меҳнат қилаётган, фидойи ходимлар Бошқарув раисининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов,
ЎзА