Шараф ва масъулиятингиз ошсин домлалар
Президентимизнинг 2019 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида Самарқанд давлат университети зиммасига ҳам катта вазифа юклатилди.
Президентимизнинг 2019 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида Самарқанд давлат университети зиммасига ҳам катта вазифа юклатилди.
Фармонда университетимизга юксак ишонч билдирилиб, мамлакатимиз олий таълим муассасалари байроқдори бўлиш ва дунё олий таълим муассасалари орасида биринчи 500 таликдан жой олиш вазифаси белгилаб қўйилди.
Бугун илмий-техника инқилоби шиддат билан ривожланмоқда, унинг ютуқларидан самарали фойдаланиш катта билим ва куч талаб қилади. Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий, илмий-методик ва моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш эса соҳа вакилларининг аравани баравар тортишига боғлиқ.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим тизими, жумладан, ¬Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари олдига ўта жиддий вазифалар қўйилган. Ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш, назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига ўтиш ва охир-оқибатда, олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш шулар жумласидан. Бу айтишга осон, аммо бажариш шарт бўлган вазифа.
Кўп йиллик кузатишларимдан келиб чиқиб айтаман: олий таълимдаги ислоҳотларга тўсиқлик қилаётган омиллардан бири айрим профессор-ўқитувчилардаги лоқайдлик, ташаббуссизлик, кузатувчилик йўлини тутаётганидир.
Шу пайтгача шароит йўқ, маош кам деган баҳоналарни эшитардик. Энди бу масалаларда муаммо қолмади. Кейинги уч йилда маошларимиз бир неча баравар ошди. Лекин негадир айримларда бунинг шукронаси сезилмаяпти. Ахир, фаоллашишимиз ҳам шунга яраша бўлиши керакмасми?
Боз устига, кўп бор танқид қилинаётган бўлишига қарамасдан, талабаларга баҳо қўйишдаги нохолислик ҳамон барҳам топган эмас. Буни ота-оналар ҳам, илтимосчилар ҳам тушуниб етиши керак. Кимнингдир ёрдамидан, қўллаб-қувватлашидан умидвор бўлган талаба ёлчитиб ўқимайди.
Фармонда олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш белгилаб қўйилди. Ушбу ҳужжат доирасида алоҳида Низом ишлаб чиқилар. Бошқача айтганда, меҳнатига қараб ҳақ ола бошлагандан кейин ўқитувчиларда ишга муносабат ўзгарар. Амалдаги қонунлар доирасида моддий ва маънавий рағбатлантиришнинг табақалашган тизими ишлаб чиқилар. Ҳарқалай, буни яқин келажак кўрсатади. Аммо бир нарса – олий ўқув юртларига бериладиган бу имтиёз муассаса раҳбарининг ваколати ва жавобгарлигини ошириши аниқ.
Университет раҳбарияти ҳамиша кадрлар танлашда қийналади. Шу масалада Касаба уюшмаси ёки Оқсоқоллар кенгаши ёрдам берса, ҳар бир факультет, кафедра кесимида кадрлар лаёқатини ўрганиб чиқиб, тавсиялар киритса қандай бўлар экан?
Профессор-ўқитувчилар орасида хотин-қизлар ҳам салмоқли ўринга эга. Хотин-қизлар қўмитаси уларнинг фаоллигини ошириш устида бош қотирса маъқул эмасми?
Айрим профессор-ўқитувчиларнинг тамагирлигидан ҳамон қутулиб бўлмаяпти. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидай, йиллар давомида шаклланган бу иллатдан бирданига халос бўлиш қийин кечяпти. Аммо талабалар, ота-оналар уларнинг орқасидан нималар дейишини бир кўз олдиларига келтиришса, ёмон бўлмасди.
Фармонда муассаса раҳбарларига берилган мустақиллик бу борада ҳам кескин чоралар кўришга имкон беради, деб умид қиламиз.
Президентимиз Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида “бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак”, деб таъкидлади. Назаримда, айнан мана шу жойда ҳам биз оқсаяпмиз. Университет таълими хусусиятларидан келиб чиқиб, талабаларга ҳар бир фан йўналишида фундаментал билим беришга ҳаракат қилишимиз керак. Бу эса, биздан нафақат муайян фаннинг назарий асосларини пухта билиш, айни пайтда, шу соҳадаги янгиликлардан ҳам муттасил хабардор бўлиб боришни тақозо этади. Замон ёшлари кимнинг орқасидан эргашишни яхши билишади, деб ўйлайман.
Суюн КАРИМОВ,
Самарқанд давлат университети профессори.