“Шараф лента” акцияси ўтказилди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қарши шаҳрида “Шараф лента” акцияси ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилояти кенгаши, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ўтказилди.

Акцияда талаба ёшлар ва ҳарбий хизматчилар фаол иштирок этиб, кўксига шараф ленталарини тақди. Бу юртимиз тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасига юксак эҳтиром ифодаси бўлди.

Тадбир доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ташкил этилди. Уларда фахрийлар ўз ҳаёт йўли, жасорати ва ибратли хотиралари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, акция давомида маънавий-маърифий чиқишлар, тарғибот тадбирлари ва эсдалик суратлари ташкил қилиниб, иштирокчиларда ватанпарварлик ҳамда фахр туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.


Таъкидланганидек, “Шараф лента” акцияси Хотира ва қадрлаш кунининг мазмун-моҳиятини ёшлар онгига сингдириш, тарихий хотирага ҳурмат руҳини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири