Шарқшунос мутахассисларнинг янги модели яратилади
Президентимиз бу қарор билан, ўз навбатида, илғор дунё талабларига жавоб бера оладиган янги авлод шарқшунос-кадрларни тайёрлаш масаласини кун тартибига қўйдилар.
Янги дунё тизимида салмоқли ўрин тутаётган илғор Шарқ мамлакатлари — Хитой, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Туркия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Индонезия, Малайзия, Сингапур сингари давлатларда кечаётган жадал тараққиёт жараёнларининг геосиёсий ва цивилизацион оқибатлари дунё кучларининг ўрни ва мавқеини ўзгаришига олиб келаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бугунги синовли, пандемия шароитида, Шарқ мамлакатлари Ғарбнинг ривожланган давлатларига қараганда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам илму фан, ҳам тиббиёт соҳасида илгарилаётганлиги яна бир бор яққолроқ кўриниб қолди. Бу эса Ўзбекистоннинг Шарқ мамлакатлари билан алоқаларини йўлга қўя оладиган шарқшунос кадрларнинг янги авлодини тайёрлашни устувор вазифага айлантирмоқда.
Бу масала моҳиятини ниҳоятда теран ҳис қилаётган муҳтарам Президентимиз айни оғир ва синовли кунлар бўлишига қарамасдан таълим ва илму фан соҳаси давлатнинг энг устувор йўналиши эканлигини яна бир бор намоён этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрелда “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида Тошкент давлат шарқшунослик институтига “университет” мақоми берилиб, унинг янги XXI асрдаги тараққиёт босқичи белгилаб берилди.
Президентимиз бу қарор билан, ўз навбатида, илғор дунё талабларига жавоб бера оладиган янги авлод шарқшунос-кадрларни тайёрлаш масаласини кун тартибига қўйдилар.
Шу ўринда, ушбу қарор билан боғлиқ мамлакатимизда шарқшунослик соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизими ва мазкур йўналишни тубдан ислоҳ қилиш масаласидаги айрим мулоҳазаларимизни сизлар билан ўртоқлашишни лозим деб билдик.
Ҳозирда дунёнинг биринчи йигирматалигидан жой олган мамлакатларнинг ярми Шарқ – Осиё минтақасида жойлашган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорлари ҳам ана шу минтақада. Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳар қачонгидан ҳам кўп ва сифатли Корея, Япония, Хитой, Араб минтақаси давлатлари, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Эрон, Жанубий – Шарқий Осиё, Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассисларга, умуман, мамлакатимиз манфаатларини қатъий ҳимоя этувчи шарқшунос-кадрларга эҳтиёж юқори.
Қарорда “Шарқ мамлакатларининг тиллари, тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси, иқтисодиёти, сиёсати, халқаро майдондаги нуфузи, уларнинг замонавий антропология ва этнологияси, таржимашунослик, шунингдек, туризм ва гид ҳамроҳлиги соҳаларида замонавий билимларни мукаммал эгаллаган, меҳнат бозори учун рақобатбардош бўлган кадрларни тайёрлаш” иши бирламчи вазифа қилиб белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, ушбу вазифа асосида шарқшунослик соҳаси таълим йўналишлари ва мутахассисликлари доираси янада кенгаяди ва талабаларга кўп профилли университет таълими жорий этилади:
Биринчидан, хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослиги бўйича Шарқ мамлакатларининг иқтисодий сиёсати, бу мамлакатлардаги ишлаб чиқариш кучлари ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тузилиши, хорижий Шарқ мамлакатлари иқтисодиётида юз бераётган таркибий ўзгаришлар, иқтисодиётининг ўсиш ва тараққий этиш омиллари, уларнинг минтақавий иқтисодий ташкилотлардаги иштирокини ўрганиш, шарқ мамлакатларида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш омиллари, меҳнат миграцияси муаммолари, инвестицион сиёсат тамойиллари, геоиқтисодиёт ва миллий тараққиёт хусусиятлари, глобаллашув ва минтақавий интеграция, шарқ мамлакатлари иқтисодиётидаги диверсификация жараёнларини ўзлаштирган шарқшунос-иқтисодчи мутахассисларнинг янги авлоди тайёрланади.
Иккинчидан, жаҳон сиёсати соҳаси бўйича таълим жараёнида халқаро ҳамжамиятлар, жаҳон тараққиёти, давлат ва нодавлат ташкилотлари муаммолари; иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий омиллар таҳлили ва уларнинг халқаро сиёсатдаги ўзаро муносабати, шарқ мамлакатларининг ички ва ташқи сиёсати тамойиллари, уларнинг дунё геосиёсатидаги ўрни ва таъсири, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, хорижий шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари, ички ва ташқи таҳдидни юзага келтирувчи омиллар бўйича сиёсий жараёнларни умумлаштириш, аналитик шарҳлаш ва тўғри баҳо бериш кўникмаларига эга бўлган шарқшунос-сиёсатшунос-таҳлилчилар етиштирилади.
Учинчидан, Марказий Осиё ва хорижий Шарқ мамлакатлари халқларининг тарихи, моддий маданияти, ушбу минтақа халқлари томонидан яратилган қадимги ва ўрта асрларга тегишли ёзма ёдгорликлар, тарихий манбашунослик ва тарихнавислик, этноижтимоий ва этномаданий муаммолар, ёзма манбалар асосида Марказий Осиё халқлари ҳамда хорижий Шарқ мамлакатларининг объектив тарихини ўрганиш ва илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга қодир шарқшунос-тарихчилар тайёрланади.
Тўртинчидан, Шарқ мамлакатларининг тили ва адабиёти йўналишида Шарқ халқларининг адабий тили ва унинг диалектлари, ўрганилаётган мамлакатдаги тил вазияти, лингвостилистика, тилларнинг қиёсий-тарихий ва типологик масалалари, шарқ тилларини ўрганишнинг психологик аспектлари, тил ўқитишнинг замонавий технологиялари, когнитив, компьютер, корпус тилшунослиги, лингвомаданиятшунослик, шарқ халқлари адабиёти ва адабиётшунослик мактаблари, адабиёт назарияси, қиёсий адабиётшунослик, поэтика, замонавий адабий жараёнлар ҳамда адабий танқид кўникмаларини ўзлаштирган шарқшунос-филологлар тайёрланади.
Бешинчидан, мумтоз мерос бўйича мутахассис моделида классик араб, форс ва туркий (эски ўзбек) тилларда ёзилган, юртимиз ва хорижий мамлакатлардаги қўлёзма фондларида сақланаётган ёзма обидалар, қадимги ва ўрта асрлар ёдгорликларининг манбашунослик, матншунослик ва соф филологик таҳлили, қадимги хитой, санскрит (ҳиндий), сўғд тилларида яратилган мамлакатимиз тарихига оид ёзма ёдгорликларни ҳам тадқиқ этиш малакаси билан қуролланган манбашунос ва матншуносларнинг янги авлоди тайёрланади.
Олтинчидан, таржима назарияси ва амалиёти таълим йўналиши бўйича таржимашуносликнинг лингвомаданий аспектлари, синхрон ва кетма-кет таржима масалалари, ўзбек адабиёти намуналарини шарқ халқлари тилларига таржима қилиш, шунингдек, шарқ тилларидан ўзбек тилига бадиий таржимани амалга ошириш кўникмаларига эга шарқшунос-таржимашуносларнинг навқирон авлоди етиштирилади.
Еттинчидан, туризм ва гид ҳамроҳлиги йўналишида соҳанинг ривожланиш тенденцияларини яхши ўзлаштирган, Буюк ипак йўли бренди ва Зиёрат туризми йўналишларини чуқур эгаллаган, юртимиз ва шарқ мамлакатларидаги сайёҳлик йўналишларини илмий жиҳатдан ўзлаштирган мутахассислар тайёрланади.
Саккизинчидан, Шарқ фалсафаси йўналиши доирасида шарқ фалсафаси тарихи, ўтмиш ва ҳозирги замон фалсафий анъаналарининг ворисийлиги, Шарқ халқлари маданияти ва фалсафий қарашлари орасидаги ўзаро боғлиқлик, Шарқ халқларининг ижтимоий фикр тараққиёти, унинг жамият тараққиётидаги ўрни, қадимги шарқ тилларидаги фалсафий манбаларни тадқиқ этиш ва уларни таржима қилиш, шарқ халқлари маданиятининг ўзаро таъсири, аксиология ва диний бағрикенглик масалаларини эгаллаган шарқшунос-файласуф етиштирилади.
Бунинг учун жаҳонда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий жараёнлар, уларнинг дунё тараққиётига таъсири масалаларини чуқур ўрганиш, Осиёдаги энг йирик мамлакатлар ва Ўзбекистон, шунингдек, минтақадаги бошқа давлатларнинг миллий манфаатлари кесишган нуқталарни аниқлаб, миллий мақсадларга йўналтирилган, чуқур илмий асосланган замонавий шарқшунос тайёрлашнинг ўқув ва илмий жараёни ташкил этилади. Қотиб қолган таълим стандартларидан воз кечилиб, бозор тамойилига асосланган эгилувчан ва тез мослашувчан ўқув режалари ишлаб чиқилади, замонавий таълим талабларига жавоб берадиган кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтилади.
Олий таълим муассасасида бундан кейин илмий-педагогик, ўқув-услубий ҳамда моддий-техник салоҳиятга эга университет мақомида бутун минтақамиз шарқшунослиги бўйича ўзига хос илм-фан ва таълим ўчоғи ўлароқ мутахассислар тайёрлашнинг кўп тармоқли университетга хос комплекс тузилмаси юзага келади.
Мазкур ҳужжат билан тарихда ўтган барча улуғ аждодларимиз ва мамлакатимиз шарқшунослигининг улкан дарғалари, миллатнинг илму урфон тафаккурида бебаҳо асарлари билан катта ҳисса қўшган шарқшунослар – Азизхон Қаюмов, Бўрибой Аҳмедов, Музаффар Хайруллаев, Сабоҳат Азимжонова, Суйима Ғаниева, Алибек Рустамов, Асомиддин Ўринбоев, Шоислом Шомуҳаммедов, Убайдулла Каримовларнинг орзу-умидлари ушалиб, руҳлари шод бўлмоқда.
Умуман, шарқшунослик билан боғлиқ ушбу қарор дунё шарқшунослик марказлари ичида Тошкент шарқшунослик мактабининг ўрни ва нуфузини янги босқичга олиб чиқишга катта имконият эшикларини очади.
Университет жамоаси билдирилган улкан ишонч масъулиятини чуқур ҳис қилган ҳолда қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлида бир ёқадан бош чиқариб, катта ички фидойилик билан ўз меҳнатлари орқали оқлашларига ишонамиз!
Қудратулла ОМОНОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори,
филология фанлари доктори, профессор