Маълумки, шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуман пандемия бошланганидан бери, яъни сўнгги уч йилда илк марта бевосита мулоқот шаклида ўтказилади. Мазкур халқаро тадбирга катта тайёргарлик кўрилмоқда.
Самарқанддаги ШҲТ саммити арафасида академик Акмал Саидов масъул муҳаррирлигида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари” китоби чоп этилди. Тўплам Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан тайёрланган бўлиб, ШҲТнинг расмий тилларида “ТАСВИР” нашриётида юқори сифатда қалин муқовада нашрдан чиқди.
Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар — Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон конституциялари ўрин олган. Тўпламда қайд этилганидек, ШҲТ – бу цивилизациялараро мулоқот ва маданий-ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун истиқболли майдон эканини унутмаслик керак”.
Халқ дипломатияси, туризм, дўстлик ва яхши қўшничиликни кучайтириш, янги маданий-ижтимоий ташаббуслар орқали “Шанхай руҳи”ни амалда ифода этиш, шунингдек, ШҲТ фаолияти кун тартибини ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш, ўсимликлар карантини, ШҲТнинг глобал миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлаш ва халқаро алоқаларини кенгайтириш каби ҳамкорликнинг янги йўналиш ва шакллари билан бойитиш ҳам муҳимдир.
Китобда таъкидланганидек, ШҲТ маконининг конституциявий ривожланиши муайян умумийлик билан тавсифланади. Ташкилотга аъзо давлатлар конституцияларининг динамик ривожланиши, уларда “халқ ҳокимиятчилиги, давлат бошқарувининг республика шакли, давлатнинг ижтимоий ва дунёвий хусусиятлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, ҳокимиятнинг бўлиниши, мулк шаклларининг кўплиги ва тенг ҳуқуқлилиги, ҳудудий яхлитлик” каби тамойиллар мустаҳкамлангани шулар жумласидандир.
Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ШҲТга аъзо барча мамлакатларнинг конституцияси илк бор яхлит тўплам ҳолида нашр этилди. Тўплам ҳар бир мамлакатнинг конституциявий ўзига хослигини, ШҲТ маконида конституциявий-ҳуқуқий плюрализм ва тадрижий ривожланишни намоён этиши билан ҳам аҳамиятли. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар даврида ШҲТга аъзо мамлакатларнинг конституцион тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса ушбу нашрнинг аҳамиятини янада оширади.
Мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги доирасида нашр этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар конституциялари” китоби илмий тадқиқотчилар, олимлар, давлат идоралари, илмий ва таълим муассасалар мутахассислари, талабалар ва жаҳонда конституционализм тараққиёти масалаларига қизиқувчи кенг аҳоли қатлами учун керакли ва фойдали манба бўлиши шубҳасиз.
М.Комилова, ЎзА