Жиззах вилоятида қанд лавлагини етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашга қаратилган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур ташаббус Мисрнинг “Nile Sugar” компанияси иштирокида йўлга қўйилиб, у қишлоқ хўжалиги ва саноат ўртасида узвий боғлиқликни таъминлашга қаратилган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратишни назарда тутади.
Маълумотларга кўра, лойиҳа Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлаштирилиб, қанд лавлагини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр шакар маҳсулоти ишлаб чиқариш босқичларини қамраб олади. Лойиҳанинг умумий қиймати 450 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда бўлиб, у асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Корхона ишга туширилгандан сўнг йиллик шакар ишлаб чиқариш ҳажми 200 минг тоннагача етиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 30 январда қабул қилинган “2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган лойиҳалардан бири ҳисобланади. Хусусан, ҳужжатда ҳудудга йирик инвестицияларни жалб этиш, агросаноат тармоқларида қўшимча қиймат занжирларини яратиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Тегишли вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган фикрларга кўра, ушбу лойиҳа мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорда шакар маҳсулотига бўлган талабни барқарор қондириш ҳамда импорт ҳажмини босқичма-босқич қисқартиришга хизмат қилади. Айни пайтда шакар маҳсулоти ички истеъмол бозорида стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар қаторига киради ва уни маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқариш давлат иқтисодий сиёсатида муҳим йўналиш сифатида қаралмоқда.
Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, лойиҳа қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Қанд лавлагини етиштириш учун янги ер майдонларининг жалб қилиниши фермер хўжаликлари фаолиятини кенгайтириш, аграр соҳада барқарор даромад манбаларини шакллантириш имконини беради. Бу эса ўз навбатида, қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш ва ҳудуд иқтисодий фаоллигини кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, хорижий инвестор иштирокида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар нафақат молиявий ресурслар, балки илғор технологиялар ва бошқарув тажрибасини ҳам олиб киради. Шакар ишлаб чиқаришда замонавий энергия тежамкор ускуналар, самарали суғориш тизимлари ҳамда юқори ҳосилдор агротехнологияларни жорий этиш режалаштирилаётгани ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, янги корхонанинг ишга туширилиши ички бозорда шакар маҳсулоти таклифини кўпайтириб, нархлар барқарорлигини таъминлашга қўшимча омил сифатида қаралмоқда. Бу ҳолат нафақат истеъмолчилар, балки озиқ-овқат саноатида фаолият юритаётган бошқа тармоқлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, Жиззах вилоятида шакар ишлаб чиқаришга қаратилган ушбу инвестиция лойиҳаси ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш, аграр соҳада қўшимча қиймат яратиш ҳамда мамлакат иқтисодиётида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини кенгайтириш йўлидаги изчил ислоҳотлар мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири