Қадриятларимиз жонкуярлари
Тўн, чопон халқимизнинг қадим миллий либосларидан бири ҳисобланади. Юртимизнинг барча ҳудудларида тўннинг бичими бир хил бўлса-да, лекин Фарғона водийси, Тошкент, Бухоро, Сурхон воҳасию Хоразм тўнлари узунлиги, матоси, ранги ва безатиш усуллари билан бир-биридан фарқланади.
Тўн тикиш эса авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ўзига хос ҳунар турларидан бири саналади. Юртимизда, хусусан, Андижонда ушбу ҳунарни асрлар давомида эъзозлаб, фарзанду набираларига мерос қилиб қолдираётган кўплаб тўнчилар сулолалари бор. Ана шундай тўнчилар сулоласи вакилларидан бири Шаҳрихон туманидаги Ёшлар маҳалласида яшовчи Ҳафизахон ая Мамажоновадир.
Шаҳрихон азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти, деб эътироф этилади. Айниқса, туманда ҳунармандчиликнинг пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш каби қатор йўналишларида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ана шу ҳунари ортидан даромад топиб, ўзи, қолаверса, юртни бой қилаётган ҳунармандлар кўп.
–Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳунармандлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Эргашхон Бегматова. – Ҳунармандларга давлатимиз томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, самарали иш олиб боришлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Бугунги кунда биргина Шаҳрихон туманида 500 нафардан зиёд тадбиркор ва ҳунарманд аёл давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали хотин-қизлар учун юзлаб янги иш ўринлари яратилмоқда.
Тўнчи Ҳафизахон ая Мамажоновани туманда танимайдиган одам жуда кам. Чунки у ўзи тиккан ранг-баранг тўнлар билан Шаҳрихон довруғини юртга ёймоқда. Энг асосийси, юзлаб ёшларга ҳунар ўргатиб, ҳунармандлар сафини кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
– Мен тўнчилар сулоласининг тўртинчи авлоди вакилиман, – дейди Ҳафизахон Мамажонова. – Биз оилада беш қиз фарзанд бўлганмиз, тўн тикишни болалигимиздан раҳматли бувимиз Илмигулсин, онамиз Ҳалимахон чевардан ўрганганмиз. Биз фарзандлар ушбу ҳунарни ўрганиб, ҳеч биримиз кам бўлмадик, шу ҳунар ортида ризқимиз баланд бўлди, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор топдик.
[gallery-13826]
Айни кунда Ҳафизахон ая ўз хонадонида 10 нафардан ортиқ шогирди билан “қора сатин”, “слон”, “виллур тўн”, “гулли виллур” “Марғилон алачаси”, “гулли тўн”, “беқасам” сингари тўнларни тикмоқда. Моҳир ҳунарманд хонадонида бир ҳафтада 60-70 дона тўн тикилади. Тўйлар мавсумида эса бу сон икки, икки ярим баробарга ортади.Тайёрланган сифатли ва бежирим тўнлар нафақат Шаҳрихон, балки Асака, Андижон, Марғилон, Фарғона, Қўқон ва Наманган бозорларида сотилмоқда.
Ҳафизахон ая ҳозирга қадар 100 нафарга яқин шогирд тайёрлаган. Бугунги кунда уларнинг барчаси ўз хонадонида мустақил иш юритади, ҳар бирининг ўнлаб шогирдлари бор.
–Ҳаётимда оилавий анъанамизни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратганман, – дейди Ҳафизахон ая. – Қизларим Гулноза, Нигора, Гулшаной, Гавҳарой ва Мадинахонларга бу ҳунарни болалигидан ўргатганман. Улар тўн тикишнинг ўзига хос ва нозик жиҳатларини пухта ўрганган. Қизларим ўз навбатида ушбу ҳунарни набираларимга ўргатмоқда. Шу тариқа сулоламиз вакиллари яна кўп йиллар ҳунаримизни давом эттиришига ишонаман.
Ҳафизахон аянинг хонадони шогирдлари, маҳалладаги тўн тикиш ҳунарини ўрганиш истагидаги қиз-жувонлар билан ҳамиша гавжум. Айни кунда 10 нафардан ортиқ шогирдига ҳунар сирларини ўргатмоқда. Бундан ташқари, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳам ҳунарманд ая билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Яъни ушбу маҳаллада жойлашган мактабнинг ўқувчи қизлари ҳам дарсдан бўш вақтларида аянинг хонадонига келиб ҳунар ўрганиши йўлга қўйилган.
–Бир гуруҳ дугоналарим билан дарсдан бўш вақтларимизда устозимизнинг уйига келиб, тўн тикиш ҳунарини ўрганамиз, – дейди тумандаги 3- умумтаълим мактабининг 10- синф ўқувчиси Гулбаҳор Ҳамиджонова. – Халқимизда “Ҳунарли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди” деган ҳикматли гап бор. Ишонаманки, ўрганган ҳунаримиз келгуси ҳаётимизда бизга албатта, асқатади.
Аянинг хонадонида ташкил этилган мўъжазгина “Тўн музейи”дан ўтган асрнинг йигирманчи, ўттизинчи йилларида тикилган тўнлар ҳам ўрин олган. Музейга қўйилган тўнлар ҳунар тарихи, ривожланиши жараёни ҳақида кенг маълумотлар олиш имконини беради.
Авлодларидан мерос тўнчилик ҳунарини йиллар давомида эъзозлаб келаётган Ҳафизахон ая турли йилларда ўз маҳсулотлари билан “Ташаббус”, “Ишбилармон аёл” танловларининг туман, вилоят босқичларида иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олган. Андижон, Марғилон ва Тошкентда ўтказилган кўплаб савдо кўргазмаларида қатнашиб, кенг жамоатчиликнинг эътирофини қозонган.
Момомдан қолган мерос, Эъзозлаган касбим менинг, Оилам, муҳаббатим, ҳунарим, Ҳаётда унарим менинг.
Ҳафизахон ая ҳамиша мана шу қўшиқни хиргойи қилиб ишлайди. Чунки, шу ҳунар ортидан даромад топиб, тирикчилик ўтказди, тўйлар қилиб, фарзандларини ўқитди, уйли-жойли қилди.
Бугун олти фарзанди, 20 нафардан ортиқ набираси, кўплаб шогирдлари қуршовида, эъзозида умргузаронлик қилаётган Ҳафизахон аянинг умр йўллари кўплар учун ибрат мактабидир. У сингари ҳунари, ҳалол меҳнати ортидан ризқ топаётган, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган ҳунарманд аёлларимиз бор экан, ҳаётимиз янада гуллаб-яшнайверади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.