Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг март ойида Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги магазинлардан бирида бир зўравон тахминан 14-15 ёшли болани аёвсиз калтаклагани акс этган видеотасвир тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган эди.
Ушбу ҳолат бўйича очилган жиноят иши туман прокуратураси, ички ишлар идоралари томонидан ўрганилиб, Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида кўриб чиқилди.
Биз, “Муллабой” маҳалла фуқаролар йиғини идорасида Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди раиси Адҳамжон Дадахонов раислигида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида иштирок этиб, ҳолатнинг тафсилотлари билан танишдик. Айбланувчи ва жабрланувчи, уларнинг яқинлари, маҳалладошлари, ўқитувчилари, мутахассисларнинг кўрсатмалари, фикр ва мулоҳазаларини эшитдик.
Аслида видеотасвирда акс этган ҳолат юзага келишига нима сабаб бўлган эди? Агар ёши катталар, айниқса, айбланувчи Лутфулло Тошматов бироз мулоҳаза билан иш юритганида эди бундай кўнгилсиз ҳолат юз бермаслиги мумкин эди.
Шаҳрихон тумани Муллабой маҳалласида яшовчи икки вояга етмаган бола Муҳаммадазиз Сайдахунов ва Ҳикматулло Абдуманнонов кўчада гаплашиб туриб жанжаллашиб қолади. Тумандаги 2-умумтаълим мактабининг 7- синфида ўқиётган Муҳаммадазиз, шу мактабнинг 6- синф ўқувчиси бўлган Ҳикматуллони масхаралагани учун “мени масхаралама” деб Ҳикматуллони итариб юборади, жағига икки марта уради. Табиийки, Ҳикматуллони лаби қонайди, ювиб, артиб, уйига кириб кетади. Муҳаммадазиз ҳам ўз иши билан кетади. Ҳикматулло билан бирга бўлган синглиси тоғаси Лутфуллога телефон қилиб, акасини бир бола урганлигини айтади.
Тоға гап нимада эканлигини сўраб-суриштирмасдан Муҳаммадазиз мактабдан бўш вақтларида сотувчига ёрдам бериб, иш ўрганаётган магазинга бориб уни уради. Магазинда, ён-атрофда бўлганлар уларни ажратиб қўяди.
Тан жароҳати олган Муҳаммадазиз вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида, сўнг туман шифохонасида даволаниб чиқади. Суд-тиббий экспертиза хулосаси, шифокорларнинг таъкидлашича, айни пайтда Муҳаммадазизнинг саломатлиги яхши, унинг саломатлиги бўйича жиддий хавф йўқ. Лекин профилактика сифатида маълум муддат вақти-вақти билан даволаниб туриши зарар қилмаслиги айтилди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Тан жароҳати олган Муҳаммадазизни халқ орасида “Беш юлдуз” деб аталувчи туман марказий шифохонасига олиб боришганида, нима учундир унга ёрдам кўрсатилмаган, уни қўшни Холдевонбек маҳалласидаги поликлиникага олиб боришларини айтишган. Ҳар қандай кишида “Нега қабул қилинмайди?, Нимага ёрдам кўрсатмади?” деган савол туғилиши табиий. Суд жараёнида мазкур масалага ойдинлик киритилмади. Эҳтимол, туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари ушбу масалани ўрганиб қўйса, фойдадан холи бўлмас эди.
– Фарзандининг калтакланишини кўриш ҳар қандай она учун жуда оғир, – дейди Муҳаммадазизнинг онаси Муҳайёхон Сайдахунова. – Уни калтаклаган инсон ўрнига ўз фарзандини қўйиб кўрсин эди. Бу қанчалар азобли, аянчли эканлигини ҳис этарди. Ўзим кўп дард чекдим, фарзандимнинг соғ-саломат униб-ўсишини истайман. Битта маҳаллада туриб, бундай иш тутиши на қонунларимизга, на динимизга, на инсонийликка тўғри келмайди.
Судда сўз олган тумандаги 2- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулҳаё Арслонова Муҳаммадазиз ҳам, Ҳикматулло ҳам одобли ўқувчилардан эканлиги, бирор марта ҳам тенгдошлари билан уришмаганини айтиб ўтди.
– Ҳам айбланаётган, ҳам жабр кўрган оила маҳалламизда ўз ўрнига эга, ҳурмат топган оилалардан, – дейди маҳалла дастурхончиси Азизахон Саримсоқова. – Ўзи бундай ҳолатнинг бўлиши маҳалламиз аҳли учун уятли. Улар бир-бирларини кечириб, аҳил-иноқ бўлишса, фарзандлари ҳам улардан ўрнак олишади. Келгусида бир-бирлари билан дўст, ака-ука бўлиб кетишади.
Судда айбланувчи Лутфулло Тошматов қилган ишидан пушаймон эканлиги, мулоҳазасизлик қилганини қайта-қайта таъкидлади. Қилган иши учун маҳалла аҳлидан, Муҳаммадазизнинг оила аъзоларидан кечирим сўради.
– Тўғри, мен қизиққонлик қилиб, болалар ўртасидаги жанжал учун Муҳаммадазизни уриб, катта хато қилдим, – дейди Л. Тошматов. – Бунинг учун ундан, онасидан, бутун маҳалладошларимдан узр сўрайман.
Жабрланувчи Муҳаммадазизнинг қонуний вакили, яъни онаси М.Сайдахунова фарзандининг даволанишига кетган барча сарф-харажатлар Лутфулло Тошматов томонидан қоплаб берилганлиги, қолаверса, у қилган иши учун пушаймонлиги ва кечирим сўраганлиги, қарамоғида 4 нафар фарзанди борлиги, қолаверса, маҳалладошларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, ярашиш тўғрисидаги таклифга розилик билдирди.
Шундай қилиб, суд жараёнида томонлар ўзаро келишиб, ярашув йўлини тутди. Сайёр суд мажлисида томонларнинг ярашганлигидан келиб чиқиб, жиноят иши тугатилди ва тегишли ҳукм чиқарди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА