Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни маънан етук, ақлан баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот-технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Жумладан, иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасидаги қобилиятларини намоён қилишлари учун юртимизда зарур шароитлар яратилди.
Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида турли спорт тўгараклари фаолият юритмоқда. Ёшларни спортга бўлган қизиқишларини янада орттириш, ўзига бўлган ишончини кучайтириш мақсадида спорт усталари билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Тошкент шаҳридаги Президент мактабида Boxing Night мусобақаси ғолиби, Ўзбекистон чарм қўлқоп устаси, 2017 йил Осиёнинг энг яхши боксчиси, жаҳон чемпиони ва профессионал боксда кетма-кет ғалабаларни қўлга киритиб келаётган «Ўзбекистон ифтихори» Шаҳрам Ғиёсов иштирокида ташкил этилди.
Шаҳрам Ғиёсов давра суҳбати давомида бокс ихлосмандларининг саволларига жавоб берди. Шу билан бирга, фаолияти, спортга кириб келиши, эришаётган муваффақиятлари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берди.
Учрашувда боксчимиз мактаб ўқувчиларига қизиқарли саволлар бериб, тўғри жавоб берганларга эсдалик совғаларини улашди. Спортчимиз энг фаол ўқувчиларга ўзининг бокс қўлқопини совға қилди.
Ҳеч бир нарса мамлакатни спортчалик дунёга тез танита олмаслиги айни ҳақиқат. Бугунги кунда мамлакатимизда спортчиларга яратилаётган имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Бу каби учрашувларнинг ўтказилиши эса ёшлар орасидан жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига замин яратади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА