Шаҳрихонда тўйлар ихчам ва дабдабасиз ўтказилмоқда
Ўзбек бағрикенг, танти, меҳмондўст халқ. Айниқса, тўй қилиш, юртга ош бериш орзуси шубҳасиз, ҳар биримизнинг қалбимиздаги улуғ ниятдир.
Ўзлик
Ўзбек бағрикенг, танти, меҳмондўст халқ. Айниқса, тўй қилиш, юртга ош бериш орзуси шубҳасиз, ҳар биримизнинг қалбимиздаги улуғ ниятдир.
Фарзандимиз улғайган сари тўй қилиш тараддудига тушамиз. Бу халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ўзига хос қадрияти. Бироқ кейинги йилларда ана шу яхши анъаналар қаторига миллийлигимизга ёт, бемаъни урфлар қўшилаётгани, тўйлар дабдаба ва ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айланиб бораётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Тўйлар билан боғлиқ “янгича урфлар” кўплаб фуқароларни иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга солиб қўймоқда. Қолаверса, улар маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга ҳам путур етказмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида тўй-ҳашамлар ихчам, камчиқим, ортиқча дабдабасиз ўтказилишини таъминлаш бўйича қатор ишлар бошлаб юборилди. Тўйлар билан боғлиқ иллатларнинг олдини олиш борасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими, имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, қўйингки, шу ишга масъул барча мутасаддилар ҳамкорлигида зарур чоралар кўрилмоқда, кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Никоҳ тўйларимиз билан боғлиқ айрим кўриниш ва жиҳатлар хусусида мулоҳаза қилиб кўрайлик. Тўй аслида йиллар давомида яхши ният, эзгу орзу-ҳаваслар билан орзиқиб кутиладиган, қариндошлар, ёр-биродарлар жам бўлиб, янги оилани қутлайдиган тадбир. Лекин сўнгги пайтларда тўйни дабдаба билан ўтказишга, янги-янги “кашфиётлар” қилишга ўрганиб қолаётгандекмиз.
Келин-куёвнинг тўйдан олдинги муносабатлари, йиққан сеп-сидирғаси муҳрланган видеотасвирлар, биргаликда тушган турли ҳолатлардаги фотосуратлар меҳмонларга кўрсатилиши ўзбек учун уят эмасми? Бундай “янги урф”лар, никоҳдан олдин бўладиган “загс” базми, келин-куёвнинг қатор-қатор машиналарда сайр қилиб юриши, қайсидир кафега бориб ўйин-кулгу қилишининг нима кераги бор? Бу ортиқча харажат, ортиқча даҳмаза-ку!? Бу каби кўринишлар халқимизнинг бирор бир одоб-ахлоқ мезонларига тўғри келмайди. Бугун айрим юртдошларимиз замонавийликни рўкач қилиб ёки ҳали кўп нарсани англаб етмайдиган фарзандлари кўнглига қараб, ана шу каби “оммавий маданият” кўринишларини ўзи англамаган ҳолда ҳаётимизга олиб кирмоқда. Бунинг оқибати ўзлигимизни унутишга, маънавий қашшоқликка олиб бориши турган гап.
Ҳамма нарсада меъёр, тарози бўлгани яхши. Шу боис туманимиз маҳаллаларида фаоллар, Тўй ўтказиш комиссияси аъзолари, кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга отахону онахонлар кўмагида тўй билан боғлиқ юқоридаги каби иллатлар бартараф этилмоқда.
Тўйдан аввал ва кейин ўтказиладиган “маъзар еди”, “юз очди” тадбирлари тўй куни ўтказилиши йўлга қўйилди. “Загс” маросими умуман қилинмайдиган бўлди. Ёшларнинг алламаҳалгача ўйин-кулги қилиши сингари ҳолатларга ҳам барҳам берилди. Одамлар ўзлари англаган ҳолда тўйни қоронғу тушмасдан тугатишмоқда. Бу албатта, тўй билан боғлиқ иллатларни бартараф этиш, тўйларни ихчам ўтказиш борасида маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларининг ижобий натижасидир.
Тўйни ихчам, камчиқим ўтказишда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, маҳалла мутахассислари намуна кўрсатмоқда. Масалан, яқинда Терактаги маҳалласи мутахассиси Ноқияхон Ғуломова ўғли Азизбекни уйлантирди. Тўй куёв ва келин томонда бир кунда ихчам тарзда бўлиб ўтди. Наҳорги ош, базм, “юз очди” маросими – ҳаммаси тўй куни ихчамгина қилиб ўтказилди. Қудалар ўзаро келишиб, олди-берди ҳам оддийгина бўлди. Куёв томон қудаларга мебелу ётоқхона жиҳозларини қилдирмасдан баҳоли қудрат ўзлари қилди.
Бу борада тумандаги Қалъача, Бувайда, Дўрман, Қорабўйин, Терактаги маҳаллаларида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Бундан ташқари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳам ижобий натижа бермоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда ана шундай салбий ҳолатлар қайд этилмади.
Фаоллар томонидан ота-оналарга тўйларда кераксиз, ортиқча харажатлар ўрнига ёш оилага ҳаётда зарур бўладиган жиҳозлар ёки маънавиятини оширишга хизмат қиладиган китоблар совға қилиши фойдалироқ экани тушунтирилмоқда.
Тўйларни ихчам, дабдабасиз ўтказиш, шу билан бирга, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги бурч ва масъулият ҳақидаги билим, тушунчаларини бойитиш борасида ҳам зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Нигорахон ЙЎЛДОШЕВА,
Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитаси раиси