Съездга делегатлар сайланди
Нукусда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши партия ташкилотининг навбатдаги конференцияси ўтказилди. Унда партиянинг барча қуйи бўғинлари, шаҳар ва туманларидан сайланган делегатлар қатнашди.
Анжуманни O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов бошқарди. Конференцияда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этиш ҳамда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашидан O‘zLiDePнинг XI Съездига делегатлар сайлаш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилганлигига алоҳида урғу берди. Биргина тадбиркорлик фаолиятини замонавий бозор муносабатлари талабларидан келиб чиқиб янада эркинлаштириш бўйича муайян ишлар бажарилди. Шу билан бирга, қулай инвестицион ва ишбилармонлик муҳити яратилгани, натижада, Ўзбекистонда тадбиркорлар сони қарийб икки миллионга етгани айтилди.
[gallery-12066]
Ўз навбатида Тадбиркорлар ва ишбирмонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси бугун юртимизда олиб борилаётган халқчил ва ҳаётий ислоҳотларнинг муваффақиятли бориши учун масъулиятни ўз зиммасига олган сиёсий куч эканлиги қайд этилди.
Партиянинг бутун мақсад-истаги олийжаноб ва танти халқимизга хизмат қилиш, олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш, юртимизни дунёнинг етакчи давлатлари сафидан ўрин олиши учун ҳаракат қилишдан иборат эканлиги эътироф этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг XI Съездида қатнашиш учун Қорақалпоғистон Республикасидан делегатлар сайланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА