Сейсмик хавфсизлик таъминланади
Сўнгги йилларда дунёда содир бўлган фалокатли зилзилалар натижасида 914 минг киши қурбон бўлган, жабрланганлар сони 2,5 миллиондан ортиқни, умумий иқтисодий зарар эса 360 миллиард долларни ташкил этган.
Мамлакатимиз сейсмик фаол ҳудудлар туркумига киради. Шу сабабли Ўзбекистон аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Лойиҳанинг қабул қилиниши аҳоли хавфсизлигини таъминлаш баробарида ижтимоий-иқтисодий самараларга ҳам олиб келади. Аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш даражаси янги босқичга чиқади. Соҳанинг узвий ривожланиши таъминланади, сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотлар қурилиши сифати назоратга олинади.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ялпи мажлисда халқ вакиллари «Музейлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилди.
Мазкур лойиҳа музейларнинг даромад манбаларини кенгайтириш мақсадида улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, жумладан, товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.
Қонуннинг қабул қилиниши музейлар даромадларини кўпайтириш мақсадида музей ашёлари ва музей коллекциялари хавфсизлигини таъминлаган ҳолда даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш, музейлар томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати ҳамда музейларнинг пуллик хизматлар кўрсатишнинг механизмларини аниқлаштириш, музейларга маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланишда устуворлик ҳуқуқини беришга кенг йўл очади.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА