Сеул ва Вашингтон логистика фронтини мустаҳкамламоқда
Жанубий Корея ва АҚШ мудофаа ҳамкорлигининг жуда муҳим, аммо ҳар доим кўзга ташланавермайдиган йўналиши – логистика масаласини кун тартибига чиқарди. Сеулда ўтган учрашувда томонлар қўшма таъминот ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш йўлида қўйиладиган аниқ қадамларни белгилаб олди. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги маълум қилди.
Жанубий Корея Бирлашган штаблар қўмитаси (JCS) вакили Ку Санг-мо ва АҚШ Мудофаа логистика агентлиги (DLA) директори Марк Симерли ўртасидаги музокара икки тузилманинг илк расмий мулоқотидир. Томонлар ўзгарувчан хавфсизлик муҳитида барқарор таъминот тизими ҳарбий тайёргарликнинг ҳал қилувчи омилига айланаётганини тасдиқлади.
Ку Санг-мо DLA билан яқин ҳамкорликни зарурат сифатида баҳолаб, фавқулодда вазиятда тезкор ва узлуксиз ҳарбий кўмак таъминланиши учун ўзаро мувофиқликни кучайтириш лозимлигини билдирди. Симерли эса Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги орқали таъминот занжирини устувор йўналиш сифатида кўраётгани, бу борада Сеул муҳим иттифоқчи ҳисобланишини айтди.
Томонлар доимий мулоқот ўрнатиш ва қўшма логистика салоҳиятидан унумли фойдаланишга келишиб олди.
Дарвоқе, АҚШ Мудофаа логистика агентлиги раҳбарининг Жанубий Кореяга илк сафари ҳарбий куч ва қўшма таъминот тизимининг амалдаги ҳолатини чуқурроқ ўрганишга қаратилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА