Сертификатлар топширилди
Қашқадарёда “Bank expo – 2015” миллий кўргазмаси ўтказилди.
Қашқадарёда “Bank expo – 2015” миллий кўргазмаси ўтказилди.Президентимизнинг 2010 йил 26 ноябрдаги "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган кўргазмада вилоятда фаолият олиб бораётган тижорат банклари, кредит ташкилотлари, етакчи суғурта ва лизинг компаниялари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда банк-молия тизимида эришилган ютуқлар ва истиқболдаги ривожланиш йўналишлари, янги технология ва хизматлар, тадбиркорлик субъектлари, ёш оилалар, коллеж битирувчилари, хотин-қизларга таклиф этилаётган банк хизматлари бўйича маълумот берилди.
Кўргазма доирасида тижорат банклари томонидан чекка ҳудудларда иш олиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, энди иш бошлаётган ёш тадбиркорларнинг бандликни таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларини аниқлаш бўйича ўтказилган танлов ғолибларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Корхонамизда тикувчилик ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди Деҳқонобод туманидаги “Аралова Моҳинур” хусусий корхонаси раҳбари Нодира Бойназарова. – Айни пайтда фаолиятимизни кенгайтириш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Истиқболли лойиҳаларни аниқлаш бўйича тижорат банклари томонидан ўтказилган танловда иштирок этиб, 35 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга бўлганимиз бунда қўл келиши шубҳасиз.