Сентоб – туризм учун қулай манзил
Нурота тумани бетакрор табиати билан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиб келган.
Тоза ҳаво, қушларнинг сайраши, кечки шафақ, тоғ жилғасининг шилдираши, гуллар ифори, кечалари юлдузларга тўла осмон...
Эҳтимол, бу Нурота тоғ ён бағирларида жойлашган қишлоқларнинг диққатга сазовор жиҳатларининг бир қисмидир, холос.
Нурота тумани марказидан 120 километр узоқда жойлашган Сентоб қишлоғи ҳудуддаги диққатга сазовор сайёҳлик йўналишларидан биридир.
Сентоб қўшни Жиззах вилоятининг Фориш тумани билан чегарадош. Бу ҳудуднинг гўзал манзарасини бошқа жойда асло учратмайсиз.
Қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қиладиган бу қишлоқ сўлим табиати, қадим цивилизация масканларидан бири экани билан доимо маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар эътиборида бўлиб келган. Сентоб ўзининг қадим тарихи, маданий-мероси, ўтмиши, миллий қадриятлари ва урф-одатларининг бугунги кунга қадар сақланиб қолганлиги билан бошқа қишлоқлардан ажралиб туради.
Нурота тоғларининг шимолий ён бағрида жойлашган. “Сентоб” сўзининг турли маънолари бор. Унинг маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган “Синт – тиниқ, об – сув” деган маъноси ҳақиқатга яқиндир. Бу ерда ноодатий қалъа бор, яъни тош қўрғон. Айтишларича, қўрғон қишлоқ аҳолисини ёвдан ҳимоя қилган. Ҳозирги кунда қўрғоннинг қолдиқларигина қолган.
Қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, тоғ тепасидаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар ҳамда қишлоқнинг энг юқори нуқтасидаги Фозилмон кўли манзаралари диққатга сазовор.
Шунингдек мазкур ҳудудда сайёҳларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш мақсадида барча қулайликларга эга ўндан зиёд меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари мавжуд бўлиб, уларда кичик музейлар ташкил этилган.
Гулмурод Зарифуллаев 2009 йилда қишлоқда “Синтобистон” оилавий меҳмон уйини очиб, бугунги кунга қадар маҳаллий ва хорижий сайёҳларга меҳмонхона хизматини кўрсатиб келмоқда. Бу ерда сайёҳларнинг нафақат дам олиб қишлоқ табиати билан танишиши учун, балки умумий овқатланиш ва ётоқдан ташқари отда, эшакда тоғлар бўйлаб саёҳатларини ташкил этиш хизмати ҳам йўлга қўйилган. 2020 йилда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшганлиги учун Г.Зарифуллаев “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
– 2009 йилда қўшни Фориш тумани тоғларида ўрганиш олиб бораётган германиялик Томас Файл билан танишганман, – дейди Гулмурод Зарифуллаев. – У қишлоғимизнинг табиати, жойлашган ўрнини кўриб, бу ерларда туризмни ривожлантириш мақсадида келган сайёҳларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мумкинлигини айтган эди. Бир куни 4-5 та хорижлик келиб дам олиш ва қишлоқ табиатидан баҳраманд бўлиш учун меҳмонхона кераклигини айтиб қолди. Иккиланмай уйга таклиф қилдим ва уларга оиламиз билан имкон қадар хизмат қилдик. Шу-шу қишлоқда биринчилардан бўлиб меҳмонхона хизматини ташкил этиб фаолиятимизни олиб боряпмиз. Оилавий меҳмон уйимизда бир вақтлар Германиянинг давлатимиздаги элчиси оиласи билан дам олган.
2020 йилда пандемия оқибатлари бошқа йўналишларда бўлгани каби ушбу тизим ривожида ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Сайёҳлар сони кескин камайиб кетди. Қийинчиликдан чиқиб кетишда эса Президентимизнинг 2020 йил 19 июндаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айни муддао бўлди.
Фармонга кўра, туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилиши, 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилиши, 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилиши ушбу йўналиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун жуда катта ва қулай имкониятдир.
Бугунги кунда туманда туризмни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-2121]
Жумладан, 2019-2021 йилларда туризм соҳасида умумий лойиҳа қиймати 11 миллиард 120 миллион сўмлик 8 та инвестицион лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шу кунга қадар 1 та меҳмонхона, 1 та хостел ва 1 та оилавий меҳмон уйи ва 1 та дам олиш маскани ишга туширилди ва 20 та янги иш ўрни яратилди. “Манзараҳои Сентоб” МЧЖ томонидан 40 ўринли оилавий меҳмонхона ташкил этилди.
Жорий йилда эса умумий лойиҳа қиймати 9 миллиард 220 миллион сўмлик 4 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиши белгиланган.
2019 йилда Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида Чашма комплекси атрофини қайта реконструкция қилиш, ҳудудини кенгайтириш, қўшимча меҳмонхоналар ва сайёҳлар учун хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган эди.
Натижада Нурота туманида маҳаллий ва хорижий зиёратчилар учун зарурий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида республика бюджетидан 4 миллиард сўм, маҳаллий бюджетдан эса 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Чашма комплекси атрофи қайта таъмирланиб, ҳудудни кенгайтириш, ҳунармандлар учун марказ, ёшлар учун 2 минг ўринли амфитеатр, хиёбонлар, замонавий фавворалар ташкил этилиб, 80 ўринли замонавий меҳмонхона барпо этилмоқда.
Жорий йилда туманда тоғ туризмни ривожлантириш мақсадида Дара ҳамда Сентоб қишлоғида енгил конструкцияли (контейнерли) дам олиш масканлари барпо этилиши режалаштирилган. Аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш мақсадида, туманнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, “Сентоб” қишлоғи ва “Саид ота” маҳалласида “Туризм қишлоғи” ва “Туризм маҳалласи” ташкил қилиниб, 30 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилади ва бу орқали юзга яқин янги иш ўрни яратилиши таъминланади.
Хуллас, келгусида Нурота тумани, хусусан Сентоб қишлоғи ҳақиқий туризм масканига айланади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА