Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун
11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан пойтахтимизда 200 га яқин қизлар иштирокида “Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун” номли республика форуми бўлиб ўтди.
“Қизларжон” клублари фаолиятини тизимли ташкил этиш, қизларни илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишга жалб қилиш, илмий-тадқиқот натижаларини ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, иқтидорли қизларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган форум доирасидаги дастлабки тадбир Янги Ўзбекистон боғида бўлиб ўтди.
Кейинги тадбир Олий Мажлис Сенатида бўлиб, у ерда етакчи қизларнинг мулоқоти ўтказилди.
Сенаторлар билан учрашувда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг Турин политехника университетида форумнинг асосий тадбири бўлиб ўтди. Унда қизларнинг таълим олиши уларни ҳар томонлама етук инсонлар, жамият тарбиячилари бўлиб улғайишлари учун яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида сўз борди.
Қизлар билан раҳбар аёлнинг ишда ва оилада ўзини қандай тутиши ҳамда жамиятда ҳурматли аёл қандай бўлиши кераклиги хусусида суҳбат қурилди.
[gallery-13955]
Гулноза Бобоева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА