Сенегал соҳилида муҳожирлар қайиғи ҳалокатга учради
Сенегал қирғоғи яқинида ўнлаб муҳожирни олиб кетаётган қайиқ ағдарилиб кетди. Маҳаллий қутқарув хизмати омон қолганларни қидирмоқда.
Ҳодиса пойтахт Дакар жанубида жойлашган Йенне шаҳарчаси яқинида содир бўлган. Маҳаллий расмийлар маълум қилишича, саҳнида камида 50 киши бўлган қайиқ қирғоқдан келаётган кичик балиқчи қайиқдаги муҳожирларни каттароқ анъанавий ёғоч кемага ўтказиш пайти қояга урилган. Нотижорат ташкилот вакили Бубакар Сейе сўзларига кўра, пайшанба кунигача тўрт фуқаронинг жасади топилган.
Сўнгги пайт Ғарбий Африкадан Испаниянинг Канар оролига денгиз орқали ўтишга уриниш кескин кўпайди. БМТ Қочоқлар бўйича олий комиссарлиги маълумотига кўра, ноябрь ойининг дастлабки 12 кунида Канарга 8 000 дан зиёд муҳожир етиб борган. Шу ҳафтанинг ўзида Сенегал ҳарбий-денгиз кучлари 48 соат давомида ёғоч қайиқларда Европага йўл олган 1400 дан кўп одамни қутқариб қолди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА