Сенаторлар талаба-ёшлар билан учрашди
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари талаба-ёшлар билан учрашди.
Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари талаба-ёшлар билан учрашди.
Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг янги босқичида олий қонун чиқарувчи орган зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилган. Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш соҳаларида қонунчилик негизини мустаҳкамлаш ҳамда қонунлар ижроси устидан қатъий назоратни таъминлаш каби масалалар мазкур ташкилот вазифасига киради.

Бу йўналишдаги аниқ мақсадларга эришиш учун Олий Мажлис Сенати таркибидаги қўмиталар фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан тегишли қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижро этилиши устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш борасида амалий фаолият юритилмоқда. Шунингдек, аграр, сув хўжалиги ва экология соҳасидаги мавжуд қонунчилик базасини таҳлил қилиш, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш каби йўналишлар ҳам қўмита диққат марказида турибди.
Тадбирда ёшларга парламент юқори палатаси, унинг тузилмалари фаолияти, ёшларни аграр соҳада тадбиркорликка жалб қилиш, улар орасида тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида сўз юритилди. Қўмита фаолияти борасида батафсил маълумотлар берилди, ёшлар билан жонли мулоқот қилиниб, уларни қизиқтирган масала ва ўйлантираётган муаммолар ўрганилди. Бандлик, илмий фаолиятни давом эттириш, таълим сифатини янада яхшилаш, имтиёзли банк хизматларидан фойдаланиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
– Ёшларга оид масалалар давлатнинг доимий диққат марказида турган энг долзарб мавзулардан бири ҳисобланади, – деди Тошкент давлат аграр университети талабаси Дилшод Исмоилов. – Тадбир давомида биз мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, тафаккурини кенгайтириш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш йўлида қилинаётган ишлар билан танишдик. Шунингдек, аграр соҳанинг янги режалари, эришилган ютуқлар, экологияни асрашда биз – ёшларнинг иштирокимиз борасида тушунчаларга эга бўлдик.