Сенаторлар Парламент сўровига жавобдан қониқмади
Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган, хусусан, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мазкур сўровда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан муайян чора-тадбирлар белгиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.
Бироқ Парламент сўровида қайд этилган 7 та масала юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмагани сенаторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Қўмита раиси Б.Сайфуллаев мажлисда Ҳукумат аъзоларидан ушбу вазифага масъул бўлган бирорта вакил қатнашмаётганини кескин танқид қилди. Буни масалага юзаки ёндашиш ва масъулиятсизлик, деб баҳолади.

Ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини ошириш учун ўсмирлар тиббиёт диспансерлари фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаш, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганликлари ва тарафларнинг тиббий натижалардан хабардорлигини аниқлаш бўйича мажбурият мезонларини ишлаб чиқиш ва жавобгарлигини аниқ белгилаш каби масалаларга эътибор қаратилмаган.
Бундан ташқари, сенаторлар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида никоҳ олди тиббий кўрикни туман(шаҳар) кўптармоқли марказий поликлиникалар қошида барча тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказиш таклифини илгари сурди. Мамлакатимизда янги ташкил қилинган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида махсус курсларни жорий этиш фикрини билдирди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
– Бешта муҳим ташаббус доирасидаги тадбирлар асосан таълим муассасаларида ташкил этилмоқда, 18-30 ёшгача бўлган ёшларни ва аҳолини кенг жалб қилиш юзасидан ишлар етарли даражада ташкил қилинмаяпти, – деди Бахтиёр Сайфуллаев. – Бешта муҳим ташаббуснинг ҳар бир маҳаллага кириб боришини таъминлаш борасида тегишли ташкилотлар ишларни тизимли йўлга қўйиши зарур. Баъзи мактаблар спорт инвентарлари билан жиҳозланмаган. Бунақада ёшларни спортга жалб қилиб бўладими? Бунга жавобгар мутасаддилар эътиборсиз. Давлатимиз раҳбари коллежнинг бўш қолган объектларини кутубхонага айлантириш бўйича топшириқ берган эди. Ҳар бир туман марказларида кутубхоналар ташкил этиш белгиланганди. Аммо ҳали бирортаси бажарилмади. Бир мактаб кутубхонасига кирганимизда кутубхонада айтарли китоб йўқ. Дарсдан кейин мажбурлаб бир синф ўқувчиларини киритиб қўйган. Болалар тез айтиш ўйнашяпти. Кутубхонага бола китоб ўқиш учун кирадику. Буни бизга кўрсатиш учун кўзбўямачилик қилишгани ҳам аён, албатта.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА