Сенаторлар мурожаат эгаларининг хонадонларига борди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари Жиззах вилоятнинг чекка қишлоқларида бўлиб, Сенатга мурожаат қилган фуқаролар билан учрашди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил асосида ташкил этилаётган ушбу учрашувларда фуқароларнинг мурожаатлари қисқа фурсатларда ўзининг ижобий ечимини топаётир.
Сенатнинг ўн олтинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, юқори палатанинг тегишли қарорларида белгиланган топшириқлар ижросини ўрганиш, ушбу масалаларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига амалий ёрдам кўрсатиш, фуқаролар мурожаатлари билан жойида ишлаш мақсадида Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар Жиззах вилоятида фуқаролар билан учрашмоқда. Республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби аҳоли ҳузурига бориб, улар орасига кириб, мурожаатлари, дарду ташвишларини тинглаб, фуқаролар билан жонли мулоқотлар ўтказилмоқда.
Фуқароларнинг турмуш тарзи, яшаш шароитини ўрганиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш, масалани жойида ижобий ҳал этиш чораларини кўриш бугуннинг энг долзарб масалаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Р.Сиддиқов, Халқ депутутлари вилоят Кенгаши депутати, Сенат аъзоси Н.Пардаев мурожаатлар юзасидан Зомин туманида бўлиб, бевосита мурожаатчилар билан “хонадонбай” тизимда иш олиб борди.
Жумладан, Сенат аъзолари Олий Мажлиси Сенатига қилинган мурожаат юзасидан “Ширин” қишлоқ фуқоролар йиғини, Небўса қишлоғида яшовчи фуқаро И.Анорбоевнинг хонадонида бўлиб, у ва оила аъзолари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди.
1999 йилда туғилган Иномжон Анорбоев болаликдан ногирон бўлиб, вилоят онкология диспансери назоратида туради ва мунтазам равишда даволаниб келади. У Олий Мажлис Сенатига ўзига доимийлик асосида ногиронлик гуруҳи белгиланишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.
И.Анорбоевнинг мурожаатини ўрганиш жараёнида Зомин туман прокурори, 2-сектор раҳбари И.Алиқулов, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Р.Ибрагимов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими раҳбарининг ўринбосари Н.Омонова, “Ширин” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаоллари ҳам иштирок этди.
Мурожаатчига амалий кўмак бериш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилиб, мазкур мурожаат ижобий ечим топди.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Р.Сиддиқов бошчилигидаги туман фаоллари 3-сектор ҳудудидаги Даштобод шаҳри, “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Зайниддин Йўлдошевнинг хонадонига ҳам борди.
З.Йўлдошев, Сенатга йўллаган мурожаатида, маҳаллада яшовчи фуқаролар тоза ичимлик суви танқислиги муаммоси билан қийналиб келаётганини билдирган бўлиб, ушбу мурожаат ва ҳудудда электр энергиясидаги узилишлар муаммоси ҳам Даштобод шаҳар ҳокими М.Таниқулов, 3-сектор раҳбари, туман ИИОФМБ бошлиғи Ф.Тўйчиев, тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари иштирокида ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни тез орада бартараф этиш бўйича соҳага дахлдор ташкилотлар масъулларига тегишли топшириқлар берилди, мутасадди раҳбарлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилиб, ижро муддати белгиланди ва у қатъий назоратга олинди.
Суҳбатлар давомида ҳеч бир мурожаат қоғозда қолиб кетмаслиги, ҳар бир мурожаат этувчининг фикри инобатга олиниши ва тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши, амалий чоралар кўрилиб, аниқланган муаммолар жойида бартараф этилиши таъкидланди.
А.Қаюмов, ЎзА