Сенаторлар маҳалла раислари ва фаоллари билан учрашди
Андижон вилояти Марҳамат туманида “Референдум – 2023: келажагинг учун овоз бер!” шиори остида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаолларининг Сенаторлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишловчи, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, ҳорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов, Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси, Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров иштирокида ўтказилган учрашувда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси, жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдуми хусусида сўз юритилди.
[gallery-11481]
Учрашувда умумхалқ муҳокамаларида 200 мингдан кўпроқ таклифлар келиб тушганлиги, мавжуд 128 та моддага 27 та янги модда қўшилиб, уларнинг сони 155 тага етказилганлиги, Конституция лойиҳаси деярли 65 фоизга янгиланганлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, учрашувда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекситон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасининг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Янгиланаётган Конституцияга инсон қадрини улуғлаш ғояси асос қилиб олинганлиги, қолаверса, халқимизнинг ирода ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси миллатимиз, юртимиз равнақига, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлиши алоҳида таъкидланди.
Учрашувда сўз олган маҳалла раислари, фаоллари умумхалқ референдумида фаол иштирок этишларини, янгиланаётган Конституциямизни қўллаб-қувватлаб овоз беришларини билдирди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА