Сенаторлар маҳаллий Кенгашлар фаоллари билан учрашмоқда
Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишлайдиган сенаторлар ҳудудларда хизмат сафарларида бўлиб, маҳаллий Кенгашларга қилинадиган ишлар юзасидан зарур тавсиялар бермоқда.
Жорий йил 26 май куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис палаталарига халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус пандемиясига оид фармон ва қарорлари ижроси юзасидан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб боришни йўлга қўйиш вазифаси белгиланиб, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзоларининг фаоллигини ошириш зарурлиги таъкидланганди.
Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишлайдиган сенаторлар ҳудудларда хизмат сафарларида бўлиб, маҳаллий Кенгашларга қилинадиган ишлар юзасидан зарур тавсиялар бермоқда.
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тожиев Хоразм вилоятида, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Тошмуҳамедова Тошкент шаҳрида, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т.Мадумаров Қашқадарё вилояти ва Тошкент шаҳрида, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Н.Абдуллахонов Наманган вилоятида, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Чўллиев Бухоро вилоятида бўлиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши комиссиялари раислари, шаҳар ва туманлар маҳаллий Кенгашлари аъзолари билан учрашди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар батафсил тушунтирилаётир. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорларида акс этган топшириқлар ижроси юзасидан самарали депутатлик назоратини таъминлаш, халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашлари сессияларида ҳар ойда камида бир марта маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилишини йўлга қўйиш борасида сўз юритилмоқда.