Сенатор ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
“30 июнь – Ёшлар куни” муносабати билан “Парламентда ёшларнинг ўрни” лойиҳаси доирасида вилоят Ёшлар марказида Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, O’zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Сотиболдиев ҳамда Сенат ҳузуридаги ёшлар парламенти аъзолари Хилола Обидова, Жўрабек Сангинов ва Темур Раззоқовнинг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Улуғбек Сотиболдиев “Ёшлар куни” муносабати билан Мамлакатимизда ёш авлодга берилаётган эътибор янада ортганлигини таъкидлаб ўтди.


Шунингдек, Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 100 та мақсадида кўзда тутилган ёшларни замонавий касблар ва чет тилларга ўқитиш тизимини яратиш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш каби бандларини 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да самарали амалга ошириш юзасидан вилоятда амалга оширилаётган чора-тадбирларга ҳам тўхталди.


Ёшлар масаласи ҳар бир давлат учун, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам энг муҳим йўналиш ҳисобланади. Чунки биз қўяётган қадам, амалга ошираётган ислоҳотларимиз ўз натижасини бериши учун ҳаракатни ёшларни қўллаб-қувватлашдан бошлашимиз лозим. Шу боис, жамоатчилик назоратини ишга солиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида айта олиш ва уларга ечим борасида таклифларни ўртага ташлашимиз лозим, – деди Улуғбек Сотиболдиев.
Учрашув савол-жавоблар, мунозаралар ва таклифларга бой тарзда ўтди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири.