Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сенатор Ҳусан Эрматов мазкур қонун бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада суд ишлари юритилиши такомиллаштирилди. Фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатлари кучайди.
Шу билан бирга, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш орқали судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини судлар фаолиятига кенг жорий этиш зарурати вужудга келди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Олий суд раисининг ўринбосарлари – тегишли судлов ҳайъатлари раислари лавозимига аниқ йўналиш (жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий) бўйича сайланиши белгиланган.
Олий суд судьяларига нисбатан эса уларнинг қайси ҳайъатда фаолият юритиши Олий суд пленумида тасдиқланиши кўрсатилган.
Бу эса, Олий суд пленуми ваколатларини чегаралаган ҳолда Олий суд раиси ўринбосарларини бир судлов йўналишидан бошқа бир судлов йўналишига ўтказиш (ротация қилиш)га тўсқинлик қилган. Қолаверса, бу судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этишга, судлов ҳайъатлари фаолияти самарадорлигини оширишга ҳам монелик қилиб келган.
Қонун билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, эндиликда судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойили кенг жорий этилади. Чунки, Олий суд судлов ҳайъатлари раисларини Олий суд раисининг тақдимномасига биноан Олий суд пленуми томонидан тасдиқлаш тартиби йўлга қўйилади.
Қонун кучга кирганидан кейин бу амалиёт натижасида судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифати ошади. Раҳбар кадрларни муносиб судлов йўналишига ўтказиш (ротация қилиш) имконияти яратилади.
Шу билан бирга, бу халқаро ташкилотларнинг тавсияларини рўёбга чиқариш, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини кўтариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради.
Н.Абдураимова,
ЎзА