Сенатор маҳаллий Кенгашлар вакиллари билан учрашди
Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида доимий ишловчи сенатор Маҳмуджон Парпиев Наманган вилоятида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини кенг тарғиб этмоқда.
Наманган шаҳрида Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари котибият мудирлари, депутатлар иштирокида ўтказилган мулоқотда қайд этилганидек, юртимизда 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгилаб олинган. Давлат дастури ижроси доирасида яқин тўрт йил давомида 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтирилади.
[gallery-12342]
Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси юзасидан парламент назорати олиб борилмоқда. Сенатор айтиб ўтганидек, жорий йил 1-2 июнь кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида 11 та масала, шу жумладан 7 та қонун кўриб чиқилди. Таъкидлаш керакки, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонунчиликка асосан жавобгар бўлишлари белгиланганига қарамасдан, бу норма қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топмаган.
Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммасининг амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаши қайд этилмоқда.
Мулоқот якунида маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари ҳамда депутатлар томонидан айрим қишлоқларга берилган шаҳарча мақомини қайта кўриб чиқиш, маҳалла ва кўчаларга ном беришда ҳудудларнинг келиб чиқиш тарихига аҳамият қаратиш ҳақидаги долзарб масалалар ўртага ташланиб, улар сенатор томонидан назоратга олинди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.