Сенатор маҳалла аҳлининг муаммоларини тинглади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдуғани Сангинов Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Себзор маҳалласида бўлиб, аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тоғли ҳудуддаги маҳалла таркибидаги тўртта қишлоқда 1 минг 770 дан ортиқ оила бўлиб, уларда 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Учрашувда маҳалла аҳлини кўпдан буён ўйлантириб келаётган муҳим масалалар муҳокама этилди. Шундан сўнг сенатор ва мутасаддилар ўртага ташланган бу муаммоларни жойига чиқиб, ўрганди.

Тоғли туманда айниқса, баҳор мавсумида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши тоғолди ҳудудларда давомли сел келиш хавфини юзага келтиради. Жумладан, маҳалланинг Сарижўй қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи Шўроб сойи устида барпо этилган кўприк ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Сел сероб бўлган йилларда кўприкдан тошиб, аҳоли экинларига жиддий талофат етказмоқда. Йўл ҳаракатига тўсқинлик қилаётир.
Мазкур мурожаат бўйича кўприкнинг бугунги ҳолатини кўздан кечирган сенатор уни тегишли мутасаддилар ва мутахассисларнинг тегишли хулосаси асосида таъмирлаш ёки қайта барпо этишни маълум қилди.

Навобод қишлоғида яшовчи аҳоли вакиллари ҳудуддаги 51– мактабга қатнайдиган йўлдаги носозликдан арз қилиб, сенатордан ёрдам беришни сўради. Чунки, бу ҳолатдан кўпроқ мактаб ўқувчилари азият чекмоқда. Улар муқобил йўл сифатида чуқур ва оралиқ масофаси узун бўлган зовур устидаги қалин қувурдан кўприк сифатида фойдаланаяпти. Бу ўқувчилар учун айниқса ёғин-сочинли кунларда муайян қийинчликларни юзага келтириб, уларнинг ҳаётига хавф туғдирмоқда. Қишлоқ аҳлининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган мазкур масала жойида назоратга олиниб, муаммо ўн иш кунида тўлиқ бартараф этиладиган бўлди.
Шу куни маҳалла аҳли сенатор А.Сангиновга ўзлари дуч келаётган бошқа ҳаётий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш юзасидан ҳам мурожаат этди. Учрашувда ўртага ташланган ва маълум вақт талаб этадиган бу масалаларни ечишнинг энг самарали йўллари изланди. Ҳар бири бўйича тегишли чора белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири