Сенатор аҳоли вакиллари билан учрашди
Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев аҳоли билан учрашувлар ўтказди.
Сенатор жойларда Сенатнинг жорий йил 21-22 апрель кунлари ўтказилган 14-ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонунлар ва бошқа масалалар мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб борди. Сенат кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини жойида бориб ўрганиш ва мониторингини амалга ошириш ишлари ташкил этилди.

Ҳудудларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, фуқаролар томонидан Сенатга қилинган мурожаатлар жойида бориб ўрганилди.
Вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаби мажлислар залида ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда вилоятдан сайланган Сенат аъзолари Шуҳрат Чўллиев, Абира Хусейнова, Нурмуҳаммад Очилов, халқ деуптатлари вилоят кенгаши доимий комиссияси раислари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар котибиятлари мудирлари, “Халқпарвар” комиссиялари раислари ҳамда туманлар ва шаҳарлар молия бўлимлари масъул ходимлари қатнашди.

Семинарда кун тартибидаги масалалар чуқур таҳлил қилиниб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, ЎзА