Сенатор аҳоли мурожаатларини ўрганмоқда
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Манзура Салимова Фарғона вилоятида бўлиб Олий Мажлис Сенати Раисига мурожаат йўллаган бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаатларини ўрганмоқда.
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибиятида ташкил этилган ўрганишда мурожаатлар бўйича тегишли бошқарма ва ташкилот вакиллари иштирок этди.
Фарғона шаҳрида яшовчи Ш.Қорабоева икки фарзанди билан қарийб 10 йилдан буён ижарада яшаётгани, шу сабабли уй-жой билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ушбу масала бўйича сенатор ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари томонидан фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.

– Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш – аҳолининг давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати, тақдири туради, – дейди сенатор Манзура Салимова.

Шунингдек, сенатор томонидан бошқа мурожаатлар ҳам кўриб чиқилиб, уларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилот ва муассасалар мутасаддиларига кўрсатмалар берилди. Учрашувлар режасига кўра, сенатор иштирокида Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибиятида видеоконференцалоқа шаклида туман-шаҳар Кенгашлари котибиятлари мудирлари, доимий комиссиялар раислари жалб этилган ҳолда онлайн мулоқот ўтказилди. Унда жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва бошқа масалаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
М. Сулаймонов, ЎзА