Парламент юқори палатаси биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари Сенатнинг маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигини, улар фаолиятига амалий ва услубий кўмак кўрсатиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш зарурлигини қайд этган.
Сенат томонидан кейинги пайтда айнан шу масалага доимий эътибор қаратилмоқда. Маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлик, фикр алмашиш сезиларли даражада яхшиланди. Қонунлар муҳокамаси жараёнида ҳам маҳаллий кенгашлар вакиллари мулоҳазалари инобатга олинмоқда.
Жорий йилнинг 12–13 май кунлари халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашлари доимий комиссиялари раҳбарлари Сенат қўмиталарида амалиёт ўтамоқда.

Маҳаллий кенгашлар котибиятлари ходимлари Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш марказида малака ошириш курсларида иштирок этди.
Бу жараёнда маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари аъзоларининг салоҳиятини ошириш, уларни қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ҳамда Сенат қўмиталари билан ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Иштирокчилар Сенат қўмиталари ва Марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, улар маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид долзарб масалаларни ҳал қилишда кенгашларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича фикр алмашмоқда.
Қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашлар депутатларини фаол жалб қилиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олиш, қабул қилинаётган қонунларда ҳудудлар хусусиятларни акс эттириш масалалари юзасидан амалий кўникмалар ҳам шакллантирилади.
Тадбирлар доирасида Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия раиси Анвар Тўйчиев бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Унда маҳаллий кенгашлар ва доимий комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш, Сенат қўмиталари ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА