Сенат ялпи мажлиси бошланди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига 13 масала киритилган.
Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилаётган мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар ичида “Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида”, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар бор.
Бир қанча қонунлар мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида.
Шунингдек, мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги, Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари кўриб чиқилади.
Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юборилиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан ҳамда мамлакатимизда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.
Мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар ҳақида батафсил uza.uzда ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова, ЎзА