Сенат ялпи мажлисида Сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳани бошқариш механизмларини ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Сенат сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, соҳанинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш вазифалари ижросига алоҳида эътибор қаратган.
Хусусан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 11 минг 446 сув хўжалиги объектида «Ақлли сув», 6 минг 953 тасида «Дайвер» ҳамда 1 минг 709 насос станциясида «онлайн» назорат қилиш қурилмалари ўрнатилган.
Шунингдек, 67 йирик сув хўжалиги объекти тўлиқ автоматлаштирилган.
Рақамли технологияларни қўллаш, 400 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш натижасида жорий йил биринчи ярим йиллигида 2 миллиард метр кубдан зиёд сув тежалган.
Республика бўйича кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 10 минг 540 км. ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилган, шунингдек, 34 минг 885 км. канал, ариқ ва лотоклар тозаланган.
Соҳада «suvkredit.uz» платформаси жорий қилиниб, жами 134,3 минг гектар майдонда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет усулда суғоришни жорий қилиш учун 2 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Айдар-Арнасой кўллар тизимига «Чордара» сув омборидан 871 миллион метр куб ҳамда бошқа манбалардан 300 миллион метр куб чучук сув ташланиши натижасида унинг экологик ҳолати барқарорлашмоқда.
«Сувчилар мактаби» ташкил этилиб, 70 мингга яқин тингловчи ўқитилиши таъминланган ҳамда «Сув лойиҳалари маркази» фаолияти йўлга қўйилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада келгусида ҳал қилиниши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлиги қайд этилиб, масъулларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Жумладан, иқлим ўзгариши омилларини инобатга олиб, соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатларини чуқур хатловдан ўтказиш, нисбатан арзон ва тез амалга ошириладиган инновацион технологияларни қўллаган ҳолда каналларни бетонлаштиришни тезлаштириш, қишлоқ хўжалигида сув кам талаб қилувчи, иқтисодий самарадор биоагротехнологияларни, сув тежовчи технологияларни жорий этиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартириш, ирригация тизимларидаги носозликларни бартараф этиш, умумий сув йўқотишларини камайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, жамоатчиликка «сув текин эмас» ғоясини сингдириш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Муҳокамадан сўнг ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н. Абдураимова,
Р.Назарматов (сурат), ЎзА