Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони қарийб икки баробар ортди. Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ортди. 2021 йилда 320 миллион доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп маблағ ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугун Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
– Президентимизнинг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида жуда кўплаб икки томонлама ўзаро манфаатли келишувларга эришилди, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий секторни рақамлаштириш, «яшил энергетика» тизимини ривожлантириш ҳамда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларида узоқ муддатга мўлжалланган янги устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар юзасидан Президентнинг алоҳида қарори қабул қилиниб, тегишли амалий ҳаракатлар режалари («йўл хариталари») қабул қилинди. Қарор билан Олий Мажлис палаталарига олий даражадаги келишувларнинг бажарилиши, тасдиқланган «йўл хариталари» ижроси устидан қатъий парламент назоратини ўрнатиш, шунингдек, амалга оширилган ишлар самарадорлигини Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан келишган ҳолда баҳолаб бориш тавсия этилган.
Шу мақсадда Сенатнинг 23 ялпи мажлисида Сенатнинг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси тузилди. Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири – мамлакатлар ўртасидаги келишувлар асосида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб боришдир.
Комиссия йиғилишида қайд этилганидек, Президент қарори билан қабул қилинган 3 та амалий ҳаракатлар режалари («йўл хариталари»)да жами 116 та чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, январь ойи учун жами 23 та вазифа белгиланган. Ушбу вазифалар ижроси юзасидан маълумот тақдим қилиш бўйича масъулларга расмий хат юборилган. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари томонидан сўровга эътиборсиз бўлиб, жавоб берилмаган.
«Йўл харитаси»нинг 9-бандида Жиззах вилоятида Тиббиёт университетини ташкил этиш, уни 2022-2023 ўқув йилидан ишга тушириш вазифаси қўйилган. Мажлисда бу каби ишлар таҳлил қилинар экан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъул бўлган ушбу масалага вазирликлар томонидан сусткашлик билан қаралгани танқид қилинди. Сенат Раиси вазирлик мутасаддиларига огоҳлантириш берди.
Бундан ташқари, йиғилишда «йўл харитаси»да белгиланган инвестиция лойиҳалари доирасида пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш, парламент тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик бўйича вазифалар ижроси доирасидаги ишлар муҳокама этилди. Пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш бўйича Фарғона вилоятидан 10 минг гектар ер ажратиш кўзда тутилган бўлиб, корейс инвесторлари томонидан мақбул жойни танлаш мақсадида ўрганилаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган «Ўзаро алмашинувлар йили»ни ташкил этиш, Сенат фаолиятида Жанубий Корея парламенти тажрибаси асосида «Электрон парламент» механизмини татбиқ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгиланди.
Мажлис якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА